Беозор кўринган тери касалликларининг айримларини келиши осону, кетиши қийин. Биз ўйлаган "ўтиб кетади-да" деб хом-хаёл қилиб, вақтида  шифокор кўригига бормаганлар беозор хасталикнинг озорларига дучор бўлишади. Чортоқлик  Нодиранинг яқинлари ҳам ана шундай ҳолатни бошдан кечиришди.  Алал-оқибат, ўсмир ёшдаги қизнинг аҳволи  оғирлашди. Бемор вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига ётқизилди.

Ўша куни Нелля Багдасарова нав­батчиликда эди. Қизалоқнинг қийналаётганидан ташвишланган врачнинг ҳам ороми йўқолди.

- Сени албатта сақлаб қоламиз, болажоним... дея   тунги соат 24 дан ўтганда устози Людмила Михайловнага сим қоқди. Консилиумга вилоятнинг таниқли шифокорлари чорланди. Бемор зудлик билан ўша пайтдаги вилоят шифохонасининг жонлантириш бўлимига олинди... Сўзининг уддасидан чиқди. Қизчанинг ҳаёти сақлаб қолинди...

Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, илк иш фаолиятини 1984 йил Асака шаҳридаги тери-таносил  касалликлари диспансерида дерматовенероликдан бошлаган Нелля опа Намангандан бахтини топди. У  шаҳарнинг зиёли оилаларидан ҳисобланган Шариповлар (Аҳмаджон ака ва Кишвар опалар Наманган давлат педагогика инс­титути ўқитувчилари эдилар) хонадонига келин бўлиб тушди. 1984 йилдан буён вилоят тери-таносил касалликлари диспансери поликлиникасида  аҳоли хизматида.

Н. Багдасарова  салкам 40 йил мобайнида юқори малакаси, бой тажрибаси ва юксак салоҳияти билан минглаб тери ҳасталигига чалинганларнинг  дардларига дармон бўла олди. Чунки ўз касбини севувчи, қасамига садоқатли шифокор.   Қалбида инсонларга эзгулик ва яхшилик ҳисси бар­қарор. Кибр  ва манманликни асло суймайди. Шунинг учун у жамоада  ким бўлишидан қатъий назар, кичик тиббиёт ходимими, ҳамширами, врачми - барчани бирдек ҳурмат қилади. Ҳатто қабулига келаётган беморларга ҳам қалбидаги энг эзгу тилаклар, самимий, ширин сўзлар билан руҳан далда беришдан чарчамайди. Шу  туфайли машаққатли ва заҳматли касби ортидан одамларнинг олқиш ва рағбатига сазоворланаётган шифокорга айланган.

- Нелля Багдасарова ҳақиқатдан ўз соҳасининг билимдони экан. Яқин бир йилдирки қўл-оёқларимга тошмалар тошарди, жудаям ташвишдайдим, - дейди Норин туманидан келган Рустамжон Ғоипов. - Опа буюрган муолажалардан сўнг  тошмаларим секин-аста йўқолиб, қалбимда ҳотиржамлик уйғонди.

Н. Багдасарова устозлик мақомида шогирдлари - Ваҳобжон Усмонов, Нодирбек Холмирзаев, Рустам Шариповлар билан ғоят фахрланади.

- Нелля опа вилоят аёлларининг тери-таносил касалликлари бўйича бош маслаҳатчиси ҳам, - дейди поликлиника мудири В. Усмонов. - Устозимиз ўз устида тинимсиз изланади. Китоб титишу, соҳага янгиликларни тадбиқ қилиш борасида биз шогирдларига ҳамиша ўрнак.

- Шифо топганлар миннатдорчилик изҳор қилишганда ўзимни жуда-жуда бахтиёр ҳис этаман.  Таълим  берган устозларим, ўқитган, касб танлашимда тўғри йўл кўрсатган меҳрибон ота-онамнинг ишончини оқлаётганимдан мамнунман. Тўғриси, жамоам мени иккинчи оилам. Бу  даргоҳнинг ҳар бир аъзоси қадрдондир. Шу жамоада онамдай азиз Людмила Михайловнанинг (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) қимматли сабоқларидан баҳрамандландим. Устоздан нафақат тиббиётнинг сир-асрорларини, бағрикенглик, ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб,  инсонларга яхшилик қилиш ва эзгулик улашиш каби нодир  фазилатларни ўргандим. Насиҳатларига амал қилиб, элда ҳурмат топдим, асло кам бўлмадим, - дейди қаҳрамонимиз кўз ёшларини яширолмай.

Н. Багдасарова нафақат ҳасталарнинг нажоткори, балки бахтли  хонадоннинг бекаси ҳамдир. Турмуш ўртоғи Баҳодир ака билан тўрт нафар қиз фарзандлар Гулноза, Камила, Ширин ва Кариналарни вояга етказиб,  уларнинг камолотини кўриш насиб этганидан жуда-жуда мамнун.

- Нелля опа жонкуяр устоз, жамоамизнинг малакали ва тажрибали врачи, - дейди бош врач Бахтиёр Қодиров. - Соҳанинг билимдони, ўз ишига пухта ва интизомли. Беминнат  хизматлари самараси ўлароқ бу йил касб байрами арафасида устоз "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танловининг вилоят босқичида "Энг яхши дерматовенеролог" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритгани, вилоят ҳокимининг Фаҳрий ёрлиғи ҳамда эсдалик сов­ғаси билан тақдирлангани барчамизни ғоят севинтирди. Ҳамкасбимизга узоқ умр тилаган ҳолда, хал­қимизга намунали хизмат кўрсатишдан асло чарчаманг, деймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.