Таҳририятимизга меҳридарё шифокорлар хизматидан мамнунлик изҳорланган номалар келиб туради. Уларнинг энг кўпида РШТЁИМ Наманган филиали жамоасига миннатдорчилик билдирилади. Жумладан, яқинда Наманган тумани Маллаҳовуз маҳалласида яшовчи Тўйчибой Қаюмов йўллаган мактуб қуйидаги мазмунда эди: "Нотўғри дори истеъмол қилганлигим сабаб соғлиғим ёмонлашиб, РШТЁИМ вилоят филиали токсикология бўлимига тушиб қолдим. Менинг соғайиб, оёққа туришимга ёрдам берган филиал директори Аброржон Алижоновга, бош шифокор Ҳамидулла Устабоевга, бўлим мудири Баҳромжон Мавлоновга, шифокор Ёқубжон Ибрагимовга, ҳамшира Гулбаҳор Насриддиновага, барча саломатлик посбонларига ташаккурлар айтаман".
Эл эътирофини қозониш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Зеро, вилоятимиз тиббиёт муассасалари орасида ўз мавқеи ва салоҳияти билан ажралиб турадиган шифохоналардан бири - Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалидир. Кейинги йилларда ушбу маскан фаолияти тубдан ўзгаргани хизмат кўрсатиш маданияти юксалганида, даволаш ишлари самарадорлиги ортганида ва бошқа ижобий жиҳатларда яққол намоён бўлмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Инвестиция дастурига мувофиқ уч йил давом этган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида филиал бино ва иншоотлари замон талаблари асосида модернизация қилинди. Бугунга келиб энг кўркам ва мукаммал шифо даргоҳига айланди. Таъбир жоиз бўлса, янги аср қиёфасидаги ушбу муассаса туну кун юртдошларимизга беминнат хизмат қилмоқда. 350 ўринли филиалда салкам 2,5 минг нафарга яқин тиббиёт ходими халқимиз дардига дармон бўлиш учун астойдил интилмоқда.
Филиалида икки-уч йил муқаддам бўлган киши бу ердаги ҳозирги шароит ва қулайликларни кўриб ҳайратга тушиши аниқ. Реконструкция боис вужудга келган имкониятларни таърифлашга тил ожиз. Ёруғ ва шинам, қишда иссиқ, ёзда салқин хоналар, давр руҳига ҳамоҳанг муолажа ва амалиёт хоналарини айтмайсизми? Олинаётган жиҳозлар, ўрнатилаётган энг янги тиббий асбоб-ускуна ва қурилмалар филиал тараққиётидаги янги даврни ифода этмоқда. Ўзига хос лойиҳа асосида қурилган анжуманлар зали эса вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари жамланиб, мулоҳазалашадиган марказга айланиб улгурди.
Бу янгиланишлар жамоа фаолиятида беқиёс ўзгариш ясади. Очиғини айтганда, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлашда ижобий натижалар қайд этиляпти. 20 дан ортиқ ихтисослашган бўлимлар ва бошқа тузилмалар таркибидаги саломатлик посбонлари учун хизмат самарадорлигини ошириш, беморлар саломатлигини тиклаш тезкорлигига эришиш устувор вазифа ҳисобланади. Қутлуғ ният ижобатига муносиб ҳисса қўшиш барча шифокорлар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт ходимларининг муштарак мақсадидир.
Ушбу саъй-ҳаракатларни биргина болалар соматикаси бўлими мисолида ҳам кўриш мумкин. Мавсумий касалликлар туфайли кичик беморлар сони ортиб кетган кунларда бўлим жамоаси жиддий синовдан ўтди. Ҳамжиҳатлик билан, фидойиларча иш олиб борилгани туфайли мураккаб вазиятлардан ёруғ юз билан чиқилди. Чунки, бўлимга туну кун энг қийин аҳволдаги болалар олиб келинади. Уларнинг дардини енгиллатиш ва аритиш жуда қийин кечади.
- Жажжи беморларни соғлом ҳаётга қайтариш учун бор куч-ғайратимизни, билим ва тажрибамизни сафарбар этяпмиз, - дейди бўлим мудири Муродилла Абдуқаҳҳоров. - Бу борада устоз шифокорлар Дилфуза Абдураҳимова, Муҳаббат Муҳиддинова ҳамда меҳнатсевар ҳамширалар Гулчеҳра Шарифбоева, Мўътабар Абдусаматова, Ирода Султонова, Шоҳиста Юнусовалар жамоага ўрнак бўлишмоқда.
Ҳозир филиалнинг қайси бир бўлимига кирманг мана шундай якдилликни кўрасиз. Дарҳақиқат, интилиш ва изланиш бор жойда ютуқлар янада ортиши табиий. Филиал жамоаси аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга фаолият доирасини кенгайтириш, хусусан даволаш ишлари йўналишларини бойитиш йўлидан бормоқда. Кузатиб қўйилаётган йилда ўнлаб турдаги юқори технологик жарроҳлик амалиётлари тадбиқ этилгани фикримиз далилидир.
- Янги йилдаги режаларимиз янада улкан, - дейди директор Аброржон Алижонов, - Филиалда бажариладиган мураккаб технологик жарроҳлик амалиётлар сонини яна 15 турга оширишни кўзлаб турибмиз. Яъни, эндоскопик ва лапроскопик амалиётлар, кардиологик операциялар шулар жумласидандир. Кадрлар малакасини оширишга ва илмий-тадқиқот ишлари ҳажмини кўпайтиришга устувор аҳамият қаратамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан халқни тиббий хизматдан рози қилиш бўйича олдимизга қўйилган вазифа ижросини таъминлаш бош мақсадимиздир.
Бурч масъулиятини чин дилдан ҳис этиб, соҳа ишини янги босқичга олиб чиқиш учун тиним билмаётган филиал жамоасига омадлар ёр бўлсин, деймиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.