8 ДЕКАБРЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН
Биз яхши биламизки, ҳар қандай давлат - қонунлар билан тирик, қонунлар билан барқарор. Қонунлар эса халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига мутаносиб ҳолда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларига хизмат қилмоғи шарт. Мамлакатимизда бундан 29 йил муқаддам, яъни 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлатимизнинг бош қомусидир. Шунинг учун уни барча қонунларнинг онаси дея аташга ҳам тўла ҳақлимиз.
Азалдан ҳар бир қонун ҳаёт талабларидан туғилиши табий ҳол, аксинча бўлиши сира мумкин эмас. Конституциямизнинг 2-моддаси: "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар" деган фиклардан мужассамланган. Бундан англашиладики, давлатнинг халқ манфаатларидан бошқа манфаати йўқ, ҳатто манфаатларимиз кафолати сифатида давлат ўз органлари ва мансабдорларига катта масъулият юклаган.
Давлатнинг барқарорлиги жамиятнинг соғлигида, албатта. Жамият бу - сиз билан биз, бутун халқ. Унинг сиҳат-саломатлиги тўғрисида давлат доимий равишда қайғуради. Конституциямизнинг 40-моддасида шу ҳақдаги ҳуқуқларимиз ифодаланган "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга" деб қатъий белгилаб қўйилган. Янги Ўзбекистонимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг энг кўзга кўрингани, энг самарадори тиббий ислоҳотлар эканини бугун ҳеч ким инкор этолмайди. Сўнгги беш йил ичида Президентимизнинг соҳа ривожланишига доир қатор-қатор қарор ва фармонлари эълон қилинди. Уларнинг бажарилиши неча-неча видеоселектор йиғилишларида муҳокама этилди. Муаммолар навбатма-навбат ечиб борилмоқда. Энг муҳими, тиббий хизмат халққа яқинлаштирилди, такомиллаштирилди. Айниқса бирламчи бўғинда катта ўзгаришлар жорий қилинди. Бирорта оила ёки инсонни меҳр-эътибордан четда туришига йўл қўймаслик чора-тадбирлари кўрилди. Энди шифокорлар хонадонларга боришяпти, патронаж ҳамширалар уйма-уй юришяпти. Оилавий шифокор атамаси чинакамига ҳаётий маънога эга бўлиб қолди. Демак, эл саломатлиги йўлидаги кураш қуйидан бошланиб, узлуксиз юқори халқаларга уланиб, соғломлаштириш тадбирлари натижадорлиги таъминланяпти.
Юртимиз-тинчликсевар юрт, халқимиз ҳамиша аҳил-иноқ. "Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетар" деган нақлни барча яхши билади. Меҳр-оқибат билан муттасил тараққиётга эришилиши катта-кичикка ойнадай аён. Бундан ташқари Ватанимизни ташқи душманлардан асраш масаласи ҳам муҳимдан муҳим. Айни пайтда фуқароларга ҳамиша дахлдор Бош қомусимизнинг 52-моддасида: "Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир..." деб алоҳида қайд этилган.
Тинч ва осуда ҳаёт кечираётган халқимиз Янги Ўзбекистонни ҳайратланарли даражада бунёдкорлик майдонига айлантириб юборгани кўнглимизни чексиз фаҳру ғурурга тўлдириб турибди. Қаёққа қарамайлик, қурилиш, ўзгариш ва янгиланишларга кўзимиз тушади. Бу қонунлар устувор бўлган адолатли жамиятда яшаётганимиз шарофатидандир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев уқтирганидек: "Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий Қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларини ёшларимиз қалбларига сингдиришимиз зарур". Ана ўшанда адолат қомуси яшаш тарзимизни оламга ибрат даражасига етишига асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Ўғилой БОЗОРОВА,
Тўрақўрғон туманидаги
1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси.