Вилоят эндокринология диспансери мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан "Соғлом турмуш тарзини шакллантириш" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унга вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар таклиф этилди.

Анжуманни вилоят соғлиқни салаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. Дастлаб вилоятда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган эзгу ишлар, соҳада кечаётган ислоҳотлар самаралари, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини янги бос­қичга олиб чиқиш ва ихтисослашган тиббиёт муассасалари ишини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бў­йи­ча фикр-мулоҳазалар айтилди.

Бошқарма бошлиғи соғлом турмуш тарзини қарор топтириш - сиҳат-саломатлик даражасини кўтаришнинг муҳим шарти эканлигини таъкидлади. Бунинг учун, аввало, одамлар тиббий маданиятини юксалтириш, жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланиш тамо­йилларига риоя этиш ғоят муҳимдир. Кейинги йилларда қабул қилинган Президент Фармон ва Қарорларида бу йўналишларга оид устувор вазифалар кўрсатиб берилган.

Матбуот анжуманида Аҳоли соғ­лом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаолликни ошириш маркази вилоят бўлими раҳбари Дилмурод Қодиров Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғ­лом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сонли Фармони ва ундан кейин қабул қилинган Қарорлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Нотиқнинг таъкидлашича, маҳаллаларда "Саломатлик профили"ни шакллантириш, "Саломатлик мактаблари" ва "Саломатлик бурчаклари"ни ташкил этиш туфайли аҳолининг соғлом турмуш тарзи талабларига риоя этиши самарадорлиги ортмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Махаматсоли Торабековнинг коронавирус инфекциясига қарши кураш, вакцинациялаш жараёнларининг бориши ва юқумли касалликларга қарши эмлаш ишларига оид чиқиши ҳам журналист ва блогерлар эътиборини тортди. Пандемия давом этаётганлиги уқдирилиб, жаҳонда коронавируснинг янгидан-янги штаммлари тарқалаётгани, бу эса инсоният ҳаётига жиддий таҳдид солаётгани юзасидан огоҳликка ундовчи чиқишлар билан омманинг эпидемиологик ҳуш­ёрлигини янада кучайтириш жуда муҳимлиги айтилди.

Вазиятнинг ҳамон мураккаблиги инобатга олиниб, хатарли касалликдан ишончли сақланиш тартибларига амал қилиш зурурлигини сира ҳам унутмаслик керак. Тиббий ниқоб тақишни канда қилмаслик, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни антисептик воситалар билан мунтазам ювиб туриш шарт. Яна бир муҳим вазифа - вакцина олиш эса коронавирусдан сақланишнинг энг мақбул йўли ва муҳим гаровидир.

Тадбирда тез тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан қилинаётган ишлар ва тиббиётнинг бошқа соҳалари фаолияти бўйича ҳам савол-жавоблар бўлди. Мутахассислар бу ҳақда тўлақонли маълумотлар беришди. Матбуот анжумани иштирокчилар ўзларини қизиқтираётган масалалар бўйича етарли тушунчага эга бўлишди.