Вилоятимизда паразитар касалликларни бартараф этиш мақсадида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги фаолият самарадорлигига эришиш учун янгича ёндашув ва тиббиёт соҳасида тўпланган тажрибалардан самаралироқ фойдаланиш зарур.

- Мазкур анжуманни ташкил этишдан мақсад, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, - республикамиз, қолаверса минтақамиз учун долзарб бўлган юқумли паразитар касалликларнинг олдини олиш тадбирларини янада кучайтириш, хорижий олимларимизнинг иш тажрибаларини амалиётга тадбиқ этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 январдаги "Республикада болалар ўртасида гижжа касаллигини олдини олиш ва даволашнинг 2015 - 2018 йилларга мўлжалланган тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашдан иборат.

Кун тартибидаги масалалар бўйича Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ҳарбий-тиббиёт академияси юқумли касалликлар кафедраси профессори Сергей Козлов, Тошкент тиббиёт академиясининг юқумли ва болалар юқумли касалликлари кафедраси профессори, Россия Федерацияси тиббий техника фанлари академияси академиги, Евроосиё инфекционистлар жамияти вице президенти Муборакхон Аҳмедова, вилоят ДСНЭМ бош шифокори Дилмурод Эргашев, вилоят бош паразитологи Зокиржон Абидов ҳамда мамлакатимизнинг таниқли мутахассислари, олимлари илмий маърузалар билан чиқишди.

Минтақавий семинарда вилоят ҳокимлиги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш котибияти мудири Аюбхон Оппоқов иштирок этди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.