Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатларига вақтида жавоб бериш, уларда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзига хос тизим шакллантирилган бўлиб, бу борада ҳуқуқий асослар яратилган.
Бинобарин, Конституциямизнинг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт экани мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу конституциявий қоидани амалга ошириш мақсадида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, 2017 йил 17 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги ЎРҚ-445-сон Қонуни бу борадаги ишлар самарадорлигини юксалтиришда катта аҳамият касб этаётир.
Шунингдек, "Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун асосида мурожаатларнинг электрон шаклда амалга оширилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлангани замонавий ахборот технологиялари турмуш тарзимизга жадаллик билан кириб бораётган бир пайтда айни муддао бўлди.
Интернет тармоғида Ягона интерактив давлат хизматлари портали бугунги кунда фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиш ҳамда тегишли органларга етказишда самарали воситага айланди. Ягона портал имкониятларидан унумли фойдаланиш, аҳолига интерактив хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш, пировардида тизим фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилаётгани таклифлар баён этилган мурожаатларнинг тобора кўпайишида ўз тасдиғини топмоқда. Албатта, ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, ечими таъминланмоқда. Чунончи, Наманган шаҳар, Учқун МФЙ, 5-С.Адашев кўчаси, 16-уйда яшовчи Р.Нуриддинов 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсдир. "Қандли диабет" ташхиси билан "Д" назоратида туради. Унинг "Актрофит инсулатарт" дорисини доимий равишда таъминланиши учун ёрдам сўраб қилган мурожаати белгиланган тартибда ўрганилди.Фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди. У "Актрофит инсулатарт" дориси билан таъминланди.
Наманган шахрида яшовчи К.Мамадалиевага эса "Сурункали калкулёз холисистит" ташхиси билан жарроҳлик бўлимида стационар шароитида имтиёзли ётиб даволаниши учун йулланма берилди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бундан ташқари, тизимда "Фуқароларни қабул қилиш хона"лари ташкил этилгани аҳоли саломатлигини таъминлашда, болалар, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронлиги бўлган кишиларнинг ижтимоий муҳофазаси бўйича мавжуд масалаларни ўз вақтида ечишда, бу борадаги қонун ҳужжатлари ҳамда давлат дастурлари амалий ифодасини тўлиқ топишида ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.
"Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, давлат органларининг шахсий қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай, жумладан, ўз ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича ҳам мурожаат этилганда қабулни рад қилишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган. Мурожаатлар билан ишлаш соҳасида ушбу қоидага қатъий амал қилинмоқда. Оғзаки, ёзма ва Ягона портал орқали бўлаётган мурожаатларнинг муайян қисми тегишли идоралар ва ҳокимиятларга юборилиб, фуқароларга зарур кўмак бериляпти.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий сиёсат жамият ҳаётининг муҳим соҳаси ва давлат фаолиятининг асосий йўналишидир. Мазкур соҳада изчиллик билан давом эттирилаётган ислоҳотлар юртимизда ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечиришига кўмаклашишдек олижаноб мақсадга йўналтирилган бўлиб, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун доирасидаги тизимли ишлар ҳам ана шу мақсад рўёбига хизмат қилмоқда.
Элёр ТОШМАТОВ,
Наманган шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.