Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш борасида изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинган қатор фармонлар ва қарорлар рўёбга чиқарилиши натижасида соҳада анчагина ўзгаришлар рўй берди. Буни мен шифокор сифатида кўриб ва билиб турибман.

Шу билан бирга ҳали қилинадиган ишлар оз эмас. Бу яқинда Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам яна бир бор қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Халқимизнинг соғлиғи, оналар ва болалар, нуронийларнинг саломатлиги ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлигимиздир. Шунинг учун ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлган "Инсон қадри учун" тамойилининг муҳим бўғинларидан бири ҳам барча учун сифатли тиббий хизматлар олишга имконият ва шарт-шароит яратишдан иборат".

Мазкур йиғилишда соҳани янада ривожлантириш юзасидан аниқ таклифлар баён этилгани диққатга сазовордир. Хусусан, туман ва шаҳарларда ихтисослашган юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш талаб даражасида эмас. Бундай ҳолга барҳам бериш учун эса шифокорлар малакасини ошириш билан боғлиқ кўплаб масалаларни ҳал этиш лозим.

Йиғилишда кардиология соҳасидаги муаммолар ҳам очиқ-ойдин айтилди. Чунки аҳоли ўртасидаги ўлим ҳолатларининг ярмидан кўпи юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда. Бу борада Наманган вилоятида ҳам вазият кўнгилдагидай эмас. Бизда бундай касалликларга чалинганлар сони 450 минг кишини ташкил этади. Бу, жами аҳолининг 18 фоизига тенгдир. Мана шу рақамларнинг ўзи юрак-қон томир хасталикларининг асоратлари қанчалик оғир бўлишини кўрсатмоқда.

Президентимиз кардиология хизмати қулайлиги ва қамровни ошириш бўйича қатор янги вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, республика тармоқ марказининг вилоят филиалларида кўрсатиладиган хизматлар тури 15 тадан 35 тага етказилади. Қўшимча маблағлар ажратиш ҳисобига пойтахтда амалга ошириладиган амалиётлар вилоят марказларида ҳам йўлга қўйилади. Бу иш биринчилар қаторида Наманганда ҳам жорий этилади. Шифокорларнинг хорижий давлатларда малака ошириши ҳақида ғамхўрлик қилинади. Шундай тадбирлар орқали мазкур касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилади.

Биз шифокорлар вилоят ва туманлардаги касалхоналарнинг замонавий ускуналар билан жиҳозланиши юзасидан белгиланган тадбирлар яхши самара беради, деб ўйлаймиз. Фақат бунинг учун ажратилган бюджет маблағлари сарфланишининг шаффофлигини таъминлашимиз зарур.

Отабек НАЗАРОВ,

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги

"Адолат" СДП гуруҳи аъзоси.