Мамлакатимизда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги саъй-ҳаракатлар кенг қулоч ёзмоқда. Барча ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва дарахтзорларга айлантириш юртдошларимизнинг эзгу ишига айланган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасаларда ҳам кенг кўламда кўчат ўтқазиш тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Маълумотларда қайд этилишича, тиббиёт муассасаларидаги салкам 30 гектар майдонда боғ-роғлар ташкил этилади. Бунинг учун 35 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилади. Яъни, 10 минг тупдан зиёд манзарали, 14 минг тупга яқин мевали дарахт ниҳоллари ва 10 минг тупдан ортиқ буталар ўтқазиш кўзда тутилган.
Ҳозир асосий урғу каштан, лола дарахти, липа, оқ қайин, эман, япон сафороси, каталпа, шумтол, қайроғоч, ҳинд сирени, Сурия атиргули, қрим қорағайи ва бошқа атрофга ўзгача манзара ва кўркамлик ато этувчи гул, дарахт кўчатлари ҳамда қаламчаларини жойлаштиришга қаратилмоқда. Шу билан бирга ёнғоқ, беҳи, тут каби маҳаллий навли мевали дарахт ниҳоллари ҳам ўтқазиляпти.
Ушбу хайрли ишда қатор тиббиёт муасасалари жамоалари пешқадамлик қилишаётгани эътиборга молик. РШТЁИМ Наманган филиали, "Пахталикўл" сиҳатгоҳи, вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонаси, ВБКТТМ, Косонсой, Мингбулоқ, Наманган, Чортоқ ва Учқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари шулар жумласидандир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.