Мен Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги теникумида "Ҳамширалик иши" йўналишида иккинчи курс талабасиман. Декабрь ойида ўз туманларимиздаги тиббиёт бирлашмаларига уч ҳафталик амалиётга чиқишимиз ҳақидаги хабарни эшитдигу, гуруҳимиздаги барчамиз "Уре" девордик.

Тўғри, дарсларни ўзлаштириш билан бирга ўқишимиз асносида ҳам ҳафтада 2-3 кун амалиётда бўламиз-у, аммо бу бизга камдек туйилар эди. Амалиёт даврида касбий маҳорат сирларини мустаҳкамлаб, тажрибали шифокор ва ҳамширалар иш услубларини кўриб, ўз тажрибаларимизда қўллаш биз учун муҳимлиги ҳеч кимга сир эмас. Биринчи курс­ни тамомлагач, бир ой давомида ўз туманларимиздаги тиббиёт муассасаларимизда амалиёт ўтаган эдик.

Мен ҳам Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиникада амалиётда бўлдим. Ана ўша даврида 40-оилавий поликлиника бош шифокори Лазокат опа Усмонова, терапевт Гулчеҳра Раҳматуллаева, ҳамширалар Маъмура опа Тўхтабоева ва Мавжуда опа Ҳотамова ўзларининг бир неча йиллик меҳнат фаолиятлари тажрибаларига таянган ҳолда менга кўп нарсани ўргатдилар.

Вилоятимиз аҳолисининг аксарияти қишлоқларда истиқомат қилади. Шу боис, ҳурматли Президентимиз қишлоқларда оилавий поликлиникалар фаолиятини тубдан яхшилаш, аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳақида бир неча қарорлар қабул қилдиларки, бу заҳматкаш қишлоқ аҳли учун жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мен ўз амалиётимни Учқўрғон туманидаги 40-оилавий поликлиникада ўтагани борар эканман, ҳамқишлоқларим саломатлиги учун ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман.

Шифокор бўлмоқлик эди ниятим,

Орзуим ушалиб муродга етдим.

Тиббиёт даргоҳим бағрида дўстлар,

Гўё самоларда парвозлар этдим!

 

Сарварбек ТУРДИЕВ,

II-босқич 12-гуруҳ талабаси.