3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни вилоят психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйи саховатпеша инсонлар билан гавжум бўлди.

Давлатобод туман ҳокими бошлаб берган ташрифни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари, ҳудуддаги махалла ва таълим муассасаларининг педагог ва ўқувчилари давом эттиришди. Шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари томонидан болажонлар учун зарур тиббий буюмлар, керакли анжомлар ва турли ўйинчоқ ва ширинликларнинг тақдим қилингани мурғак қалбларига ўзгача қувонч бағишлади.

Маълумки, муассасада даволанаётган ва тарбияланаётган ўғил - қизларнинг саломатлиги доимий эътиборда. Кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар мунтазам ўтказиб борилади.

- ВБКТТМ жарроҳлари томонидан 3 нафар фарзандларимизда пластик жарроҳлик амалиёти, 1 нафарида босқичма-босқич кардиожарроҳлик амалиёти режа асосида ўтказиляпти, - дейди бош врач Назира Ҳамдамова. - Ҳаракат тизимида нуқсони борларнинг 18 нафари Чортоқ болалар сиҳатгоҳида даво муолажаларини олиб келишди.

Тарбиявий ишлар жараёнида 2 нафар боланинг қисман гапиришга, 3 нафари мустақил юришга, 2 нафари эса қисман юришга ўргатилди. Болаларни чиниқтириш усуллари ҳам кенг қўлланилмоқда. Олигофрения касаллигини енгилроқ формалари билан оғриган бемор болалар учун тарбиячилар, деффектолог, психолог ва логопед томонидан олиб борилаётган индивидуал машғулотлар натижасида болаларда ижобий ўзгаришлар юз бераётгани ҳам ғоят қувонарли.

Болалар тарбияси ва парваришидек савобли ишларни беминнат бажараётган Муҳайё Ҳакимова, Маҳлиё Мирзабоева, Соҳиба Акбарова, Фарида Мирзараҳматова сингари ҳамширалар, Фотимахон Субанова, Турсуной Раҳимова, Мамлакат Рус­тамова каби тарбиячиларнинг машаққатли хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиздир.

Манзура ЭРГАШЕВА.