Яқинда 80 ёшга тўламан. Умримни халқ саломатлигини сақлашга бағишлаганимдан беҳад фахрланаман. Бобомиз Абу Али ибн Синонинг издошлари сафида юриш насиб этганига мингдан-минг шукроналар келтираман. Шу касбим туфайли элда обрў-эътибор қозондим, одамлардан сону-саноқсиз олқишлар олдим. Эндиликда пиру бадавлат нуронийлар қаторида ардоқдаман.
1965 йили Самарқанд давлат тиббиёт институтида етти йиллик сабоқни якунлаб, Поп туманининг "Найман" давлат хўжалигидаги Мирза Орол қишлоқ участка шифохонасида беморларни даволай бошлаган, бир йилдан сўнг туман марказий шифохонасида врач-терапевт вазифасини уддалаган бўлсам, кейин ўттиз тўрт йил Тўрақўрғонда фаолият юритдим. Оддий шифокорликдан туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи даражасига етдим. 1997 йили нафақага кузатилдим.
Яширишдан нима хожат: Икки тузумда яшадим. Бирида бор билим ва ёшлик куч-қувватимни сарфлаб, деярли рағбатга сазовор бўлмадим. Иккинчисида эса озроқ ишладиму, кўпдан-кўп эъзозга мушаррафландим. Мустақил Ўзбекистоннинг фахрий шифокори сифатида муттасил эъзозланиб келяпман. Жумладан, 1998 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" унвонига сазоворландим. 2006 йили "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги" эсдалик нишони, 2019 йили "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони, 2021 йили "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони кўксимни безади.
1999 йили Саудия Арабистонига бориб, ҳаж зиёратини адо этиш бахтига муяссарландим. Эндиликда 7 фарзандни эл хизматига йўллаган ота, 21 невара ва 16 эварани дуо қилиб яшаётган бобо толеидан кўзларимдан қувонч ёшлари қалқийди.
Кексайдим деб уйда биқиниб ўтиравериш бизга ярашмайди. Маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларига ёшлар тарбияси борасида ёрдамимни аямайман. Келин-куёвларни оилага тайёрлаш суҳбатларини олиб бораман. Аҳил оила - жамият таянчи эканини уларнинг қулоқларига қуйишга ҳаракат қиламан. Вақти-вақти билан 34-умумтаълим мактабининг "Маънавият соати" да қатнашаман. Болаларга аждодларимизнинг ҳикматона панду насиҳатларини тушунтиришга интиламан. Лекин ўзимда чарчоқ ҳис этмайман, қайтанга танамдаги бардамлик янада мустаҳкамланади.
Президентимизнинг "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига" табригидаги қуйидаги сўзлар яқинда нишонланган касб байрамимизда кўнглимни ғоят тўлқинлантириб юборди: "Халқимиз сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини... улуғ ва масъулиятли ишга бағишлаган, эл-юрт саломатлигини асраш йўлида бор билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини сафарбар этиб келаётган шарафли касб эгаларини кўради ҳамда машаққатли меҳнатингизни доимо муносиб қадрлайди". Касбдошларимга айтадиган гапим қисқа: Юртбошимиз ишончига муносиб бўлайлик ҳамиша!
Аҳмаджон ХУДОЙНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
соғлиқни сақлаш ходими.