Вилоят ҳокимлигида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унга вилоят тиббиёти жамоатчилигининг энг фаол ва илғор вакиллари таклиф этилди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Вилоят раҳбари барчани қутлуғ сана - Тиббиёт ходимлари куни билан қутлар экан, соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдаги жонбозлиги, айниқса пандемия шароитида кўрсатган жасоратию матонатини алоҳида эътироф этди. Тизим тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшаётган саломатлик посбонларидан уч нафари байрам арафасида Президент Фармонига кўра давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлигини маълум қилди.

Жумладан, I даражали "Саломатлик" ордени билан Поп туманидаги "Мададим Сино" хусусий неврология шифохонаси раҳбари Шамшиддин Абдураҳимов, "Соғ­лом турмуш" медали билан Уйчи туманидаги "Ахси" оилавий шифокорлик пункти мудири Дилбархон Қаюмова ҳамда "Шуҳрат" медали билан Мингбулоқ туманидаги "Дўмса" оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Саида Ахунжановалар мукофотланишди.

Тантанали маросимда бир гуруҳ соғлиқни сақлаш соҳаси илғорларига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Маросим кун тартибидан вазирлик мукофотларига созовор бўлган фаолларни ва "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танлови ғолибларини рағбатлантириш ҳам ўрин олган эди. Бинобарин, вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, ВССБ статисти Лола Улуғбоева, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Солижон Мўминов, "Доктор-А" хусусий клиникаси раҳбари Толибжон Мамадумаров, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали бош директори Аброржон Алижоновлар вазирлик буйруғига кўра "Ўзбе­кис­тон Республикаси соғ­лиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Бир гуруҳ соҳа фидойиларига вазирликнинг Фахрий ёрлиқлари берилди. Норин тумани «Полвонкўл» оилавий шифокорлик пункти оила шифокори Муҳаббат Бобожонова, Чортоқ туманидаги 52-оилавий поликлиника оила шифокори Абдурасул Холмирзаев, Чуст туман тиббиёт бирлашмасига қарашли режали жарроҳлик бўлими амалиёт ҳамшираси Лола Таваккалова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали травматология бўлими мудири Неъматилла Юсуповлар шулар жумласидандир.

Ва ниҳоят кўпчилик орзиқиб кутган "Йилнинг энг яхши шифокори"кўрик-танлови натижалари эълон қилинди. Унга кўра 35 нафар иштирокчи номинациялар бўйича ғолиб чиқди. Уларга ҳам диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир ниҳоясида Поп туманидаги "Мададим Сино" хусусий нев­рология шифохонаси раҳбари Шамшиддин Абдураҳимов, Уйчи туманидаги "Ахси" оилавий шифокорлик пункти мудири Дилбархон Қаюмова, Мингбулоқ туманидаги "Дўмса" оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Саида Ахунжанова, "Доктор-А" хусусий клиникаси раҳбари Толибжон Мамадумаров, Наманган шаҳридаги "Гўзал-шифо" хусусий клиникаси педиатри Муяссар Нишонова ва бошқалар кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорчилик изҳор этиб, бор куч ва тажрибаларини соҳа ривожини таъминлашга сафарбар этажаклари ҳақида гапирдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Раҳмонжон Мамадалиев олган суратлар.