Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида юрак қон-томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлди. Тадбирда давлатимиз раҳбари кардиология соҳасидаги муаммоларга тўхталиб, 30 - 70 ёшдаги аҳоли ўртасидаги ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳанузгача юрак-қон томир касалликларига тўғри келаётганини, сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга, ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайганини, 40 ёшдан юқори аҳолининг 20 - 25 фоизида гипертония аломатлари мавжудлигини афсус билан қайд этди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов билан филиалда бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, келгуси режалар ҳақида суҳбатлашдик.

- Солижон Жалилович, Президентимиз соҳа муаммоларини қамраган мажлисда республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, бу умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этишини, Наманганда ҳам мазкур кўрсаткич юқори эканлигини қайд этди. Айтинг-чи, бу рақамлар ортида қандай омиллар турибди, нима учун кардиологик хасталиклар билан оғриган беморлар вилоятда кўп учрамоқда ва уларни камайтириш учун нималар қилинмоқда?

- Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда ҳам, вилоятимизда ҳам охирги йилларда юрак қон-томир касаллигига чалинган беморлар сони ортган. Бунинг олдини олиш учун касалликларни барвақт аниқлаш бўйича қатор вазифаларни белгилаб олдик ва амалга оширишга киришдик. Бирламчи тиббий санитария муассасалари замонавий лаборатория жиҳозлари, яъни автомат биохимик ва гематологик анализаторлар билан таъминланади. Натижада тиббиётнинг бирламчи бўғинида юрак-қон томир касалликларини эрта босқичларда аниқлаш учун қондаги холестерин ва электролитлар миқдорини, қоннинг ивиш вақтини билиш тўлиқ йўлга қўйилади. Шунингдек, 40 ёшдан ошган аҳоли орасида йилда 2 марта "танометрия" - қондаги холес­терин ва қанд миқдори ҳамда коагулограммани аниқлаш учун скрининг текшируви ўтказилади. Бу аҳоли орасида юрак қон-томир касаллигининг оғир асоратлари, ногиронлик ва эрта ўлим хавфининг олдини олишга ёрдам беради. Вилоятда "Гипертония саломатлик мактаблари" ташкил этилиб, ҳар бир маҳалладаги беморларга касаллик ҳақида тушунчалар берилади. Бирламчи бўғинда ишловчи оилавий шифокорлар учун вилоят кардиология марказида ЭКГ таҳлилини ўргатувчи 36 соатлик ўқув курсларини ташкил этамиз.

Шу ўринда алоҳида айтишим лозимки, оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалар рўйхатидан жой олган 66 турдаги дори-дармонлар ичида кардиологик дорилар тури кам. Бу юрак-қон томир касалликларини ўз вақтида аниқлаш ва даволашга тўсқинлик қилмоқда. Шу боис, тасдиқланган рўйхатга ҳозирда юрак-қон томир касалликларини даволашда самара бераётган эналаприл препарати ҳам киритилади ва бирламчи бўғин учун келгуси йилда республика бюджетидан 580 миллиард сўм ажратилади. Бу жорий йил харажатларидан 3 баробар кўпдир.

Вилоятнинг Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Наманган, Норин, Уйчи, Поп туманларида туманлараро ихтисослаштирилган кардиология бўлимлари очилади ҳамда юқори технологик жиҳозлар - ЭКГ, ВЭМ, Холтер ЭКГ, дефибрилятор, биохимик анализатор билан таъминланади.

Бизнинг филиалимиз 170 ўринга мўлжалланган бўлиб, жами 232 нафар ходим - 34 нафар врач, 110 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 88 нафар техник ходим хизмат кўрсатиб келмоқда. Ўтган 5 йилда муассасада жами 3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 1 миллион АҚШ долларилик тиббий жиҳозлар олиб келинди.

Филиалимиз кардиология ва кар­дио­хирургия, интервенцион кардиология соҳасида Республика кардиология маркази, В.Воҳидов номидаги Республика хирургия маркази, Россия­нинг Е.Н.Мешалькин номидаги Кардиология ва кардиохирургия маркази, А.Н.Бакулев номидаги Кардиохирургия илмий-амалий маркази, Қозоғистоннинг Миллий кардиология маркази, шунингдек, Польша, Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг соҳага оид клиникалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий йилда Арманистон давлати Эребуни миллий кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Санкт-Петербург шаҳридаги Мечников номли марказ билан меморандумлар имзоладик. 8 нафар шифокоримиз хорижий муассасаларда касбий малакасини ошириб қайтди. Филиалимизда жорий йилда 65 турда 2500 дан ортиқ мураккаб амалиётлар муваффақиятли бажарилди. Ваҳоланки, беш йил аввал 18 турдаги 270 та операция амалга оширилган.

Россиянинг Е.Н.Мешалькин номидаги кардиохирургия маркази мутахассиси Д.Редькин, Кузбасс кардиология маркази мутахассиси В.Ганюков, польшалик профессор Р.Гилл, арманистондан профессор М.Сагательян, қозоғистонлик жарроҳ Р.Тулеутаев филиалда янги, технологик жиҳатдан мураккаб амалиётларни вилоят мутахассислари билан биргаликда бажаришди.

- Президентимиз видеоселектор йиғилишида кардиология хизматини янада яхшилаш ва қамровини ошириш бўйича қатор янгиликларни эълон қилди. Жумладан, республика даражасида амалга ошириладиган барча амалиётлар вилоятларнинг ўзида йўлга қўйилади. Бундан буён беморларнинг республика марказларида даволаниши учун берилган барча имтиёзлар (ордер бериш тартиби) уларнинг филиалларига ҳам тўлиқ татбиқ этилади. Филиал бу ўзгаришларга тайёрми?

- Филиалимизга беморлар нафақат Наманган, балки Андижон, Фарғона, Тошкент, Бухоро, Жиззах, Навоий вилоятлари ҳамда Қирғизистон ва Тожикистон давлатларидан ҳам келиб даволанмоқда. Муассасамизни модернизация қилиш мақсадида Австриянинг "AME International" компанияси билан умумий қиймати 9 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилади. Натижада коронар ва периферик томирларни стентлаш, орттирилган ва туғма юрак нуқсонларини интервенцион усулда бартараф этиш, ҳар хил юрак аритмияларида радиочастотали абляция амалиётлари йўлга қўйилганидан сўнг беморларнинг республика марказига ҳамда чет эл клиникаларига бориши 85-90 фоизга камайиб, вилоятлар, ҳатто қўшни давлатлардан келиб даволаниш кўпаяди.

Келгусида инвестиция дастури дои­расида филиалда 100 қатновли поликлиника ва кардиохирургия бўлими учун янги бино қурилади. 9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳисобига энг замонавий тиббий жиҳозлар олиб келинади. Шундан сўнг юракнинг 120 дан ортиқ мураккаб амалиётлари йўлга қўйилади ҳамда йилига 5 минг нафар беморда юқори технологик амалиётлар ўтказилади. Марказ фаолиятини кенгайтириш ҳисобига 6 нафар кардиохирург ва интервен­цион кардиолог мутахассислар тайёрланади.

Филиалнинг Рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими фаолиятини янада такомиллаштириш асосий мақсадларимиздан бири. Бу бўлим 2014 йилдан буён фаолият юритяпти. Бўлим 20 ўринга ихтисослаштирилган, 5 нафар интервенцион кардиолог, 12 нафар ўрта тиббиёт ходими, 9 нафар кичик тиббиёт ходими меҳнати туфайли 2017-2021 йиллар мобайнида 5600 нафар беморда юқори технологик текшириш ва даволаш амалиётлари ўтказилди. Бўлимда Тошкент шаҳридан сўнг республика вилоятлари ичида биринчи бўлиб коронар ва периферик томирларни стентлаш, орттирилган ва туғма юрак нуқсонларини интервенцион усулда бартараф этиш, ҳар хил юрак аритмияларида радиочастотали абляция, бачадон, простата бези артериялари эмболизацияси, электрокардиостимулятор, кавафильтр ўрнатиш, тери орқали жигар ичи ўт йўлларини дренажлаш амалиётлари йўлга қўйилди. Бу билан филиалимиздаги интервенцион хизмат жаҳон стандартларига яқинлаштирилди.

- Аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш, хусусан, юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг муҳим омил - соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиш экани мунтазам таъкидланмоқда...

- Аввало, Президентимиз қайд этганидек, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳар йили энг намунали маҳаллалар танлаб олиниб, уларда замонавий фитнес кўчаларини барпо этиш учун Ўзбекистон бўйича 100 миллиард сўм йўналтирилади. Узоқ йиллик тажрибамга таяниб, фикр билдирмоқчиманки, аҳолининг турли қатламлари учун оддий ҳаётий йўл-йўриқлар мавжуд.

Биринчидан, вилоятдаги 40 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларда юрак қон-томир хавфини аниқлаш бўйича тизимли равишда скрининг текширувлари ўтказилади. Иккинчидан, аҳоли ўртасида савол-жавоб ва кўриклар ўтказиш орқали уларда юқумли бўлмаган касалликлар хавфи омиллари аниқланади ва индивидуал маслаҳатлар берилади. Учинчидан, тўғри овқатланиш тамойиллари, жисмоний фаоллик асослари, шахсий гигиенанинг аҳамияти, зарарли одатларга берилмаслик бўйича тар­ғибот тадбирлари кучайтирилади. Тўртинчидан, маҳаллалар ва хонадонларда, шу жумладан, узоқ ва олис ҳудудларда аҳоли орасида соғлом турмушни шакллантириш, бадантарбия маш­ғулотларини кундалик фаолият тарзига айлантириш, гигиена қоидаларига сўзсиз риоя этиш, ортиқча вазн ва семизликни йўқотиш, фуқароларнинг ўз соғлиғига бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш ишлари амалга оширилади. Бешинчидан, маҳаллалар кесимида юқумли бўлмаган касалликлар бў­йича "Аҳолининг саломатлик профили" яратилади ва кўчалар кесимида касалликларнинг олдини олиш ишлари "маҳаллабай", "хонадонбай" ташкил этилади. Олтинчидан, ҳафтада камида бир марта иш вақтидан кейин барча идоралар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллий давлат органларининг раҳбарлари ва ходимлари жисмоний тарбия ва спорт маш­ғулотлари билан шуғулланиши бўйича таъсирчан тушунтириш ишлари олиб борилади. Еттинчидан, вилоят телевидениесида "Соғлом овқатланайлик" туркум кўрсатувлари тайёрланиб, тизимли равишда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни эфирга узатилиши давом эттирилади.

Асоратли юрак қон томир касалликлари вақтида эътибор берилмаган, даволанилмаган хасталиклар натижасида пайдо бўлади. Шу боис, ҳар бир инсон ўз соғлигига асло бефарқ бўлмаслиги, профилактикани канда қилмаслиги керак. Тилагим, ҳеч кимни оғриқ безовта қилмасин, юрагингиз доимо бир маромда уриб турсин.

- Суҳбатингиз учун ташаккур. Фурсатдан фойдаланиб, сизни ва барча ҳамкасбларингизни тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этамиз!

"Янги Ўзбекистон" мухбири

Орифжон ЖЎРАЕВ

суҳбатлашди.