Пиёда юриш инсонларни ортиқча харажатдан халос қилишдан ташқари яна қандай фойдали томонлари бор? Пиёда юришнинг нафи ҳақида қандай тиббий тавсиялар берилмоқда? Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова инсон ўзини яхши ҳис қилиши ва ташқи кўринишининг кўркам бўлишида ҳам пиёда юришни одат қилиши жуда муҳим, дея таъкидлайди.

- Яёв юрганда гавданинг барча мускуллари ҳаракатга келади. Юриш ички органларга ҳам таъсир ўтказмай қолмайди, уларнинг фаолиятини кучайтиради, натижада организмда моддалар алмашинувини яхшилайди, - дейди Б. Одилова. - Яна бир жиҳати, у юрак томирларини, шунингдек, нафас ва асаб тизимини машқ қилдиради.

Эрталаб ишга кетадиган пайт пиёда юриш ҳам жуда фойдали. Бу вақтда ҳаво тоза бўлади, киши кечаси ухлаб, дам олгани сабабидан чарчамасдан 30-40 дақиқа бемалол яёв кеза олади.

Ишхонадан чарчаб чиққанингиздан кейин ҳам иложи бўлса, автобусга шошилманг. Йўлнинг бир қисмини пиёда босинг. Чунки фаол ҳаракат қилиш одамни тинчлантиради, кишининг чарчоғини олади.

- Пиёда юришнинг ҳам ўзига яраша меъёр ва қоидалари мавжуд бўлса керак...

- Албатта, пиёда юришда қуйидагиларга аҳамият бериш айни муддао:

Бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юришни одат қилсангиз, қон босимингиз меъёрда бўлади.

Тез-тез қадамлар билан кунига 120 одим ташласангиз, 15 дақиқада 100 ккал.дан халос бўласиз! Мана, сизга озишнинг арзон ва қулай усули!

Асабий иш кунининг "юк"ларидан халос бўлмоқчимисиз? Унда ҳар куни 20 дақиқагина пиёда юринг. Натижа сизни албатта хурсанд қилади.

Чекишни ташлашни истаганлар ҳам хумор тутганда 20 дақиқа пиёда юрсалар, бу хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқоларкан.

Америкалик олимлар 45 дақиқа давомида марафонда қатнашган иштирокчиларнинг 50 фоизи шамоллашни енгиб ўтказишганини таъкидлашади. Чунки айнан пиёда юрганимизда микроблар ва вируслар таслим бўларкан. Демак, айни кунларда сайр қилишни унутманг!

Британиялик олимларнинг аниқлашича, ҳар куни 1 соат давомида пиёда сайр қилган кишилар юрак хасталикларига камроқ дучор бўлишаркан.

Қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда, пиёда сайр қилишни одатга айлантириш вужудимиздаги кўплаб муаммоларга ечим бўлишини бемалол айта оламиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.