ССВ Матбуот хизматининг ўткир респиратор вирусли касалликларга доир саволларига Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Абдуманнон АБДУҚАЮМОВ жавоб берди.
- Дастлаб ЎРВИга чалиниш ҳолатлари билан боғлиқ мурожаатлар ҳақида маълумот берсангиз.
- Куз-қиш мавсуми бўлгани сабабли шу кунларда марказимизга келаётган бемор болалар сони йилнинг бошқа даврларига нисбатан бирмунча ортган. Агар ёш тоифасида оладиган бўлсак, умумий касалларнинг 50 фоизини 1 ёшгача, 40-45 фоизини 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда. Ундан юқори ёшдагиларда эса касаллик нисбатан кам кузатилмоқда.
- Айни пайтда болалар ўртасида асосан қандай ўткир респиратор вирусли инфекция кўп учрамоқда?
- Аввало шуни айтиш керакки, бугунги кунда ўткир респиратор вирусли инфекцияларни чақирувчи вируслар сони жуда кўп. Лекин барчаси ЎРВИ гуруҳига кириб, 99 фоизида чақирувчи касаллиги, аломатлари, белгилари, кечиши ва асоратлари бир хил.
Болалар ўртасида энг кўп учраётгани эса аденовирус инфекциясидир. Афсуски, бугун айрим ота-оналар фарзанди ушбу вирусга чалингудек бўлса, саросимага тушиб, дарров шифохонага югурмоқда. Бу билан улар нафақат фарзандига бошқа бемор болалардан янги вируснинг юқишига шароит яратиб бермоқда, балки тиббиёт ходимларига ортиқча юклама ҳам туғдирмоқда.
Қолаверса, кўпчилик ота-оналар болада иситма чиқишини хавфли деб ўйлайди. Шу сабабли уларнинг 80-90 фоизи фарзандида тана ҳарорати кўтарилса, дарров антибиотик ва бошқа дорилар билан даволашга уринади.
Ҳатто, шундай оналар ҳам борки, биргина иситма кўтарилишини деб боласига 10 дан зиёд дори беради. Бу билан беморнинг ҳолати яхшиланмайди, аксинча янада оғирлашади.
- Хўш, бундай пайтда ота-оналар нима қилиши керак?
- Энг аввало, 1 ёшгача бўлган болаларда тана ҳарорати 38-38,2, 1 ёшдан ошган болаларда эса 38,5 даражагача кўтарилмагунича ҳеч қандай иситма туширувчи дори воситалари бериш тавсия этилмайди. Айниқса, шу ўринда ота-оналарга антибиотикларни мутлақо унутинг, демоқчиман. Чунки антибиотик вирусли инфекцияларда умуман ишламайди.
Аксинча бу дори воситасини нотўғри қўллаш оқибатида бола саломатлигига жиддий зарар етиши мумкин. Шу боис антибиотикни фақат шифокор тавсияси билангина олиш лозим. Қолаверса, тана ҳарорати бундай пайтда вирус қарши дори воситаларини бериш ҳам шарт эмас. Чунки улар боланинг жигарига салбий таъсир этади.
Унинг ўрнига эса тез-тез илиқ сув ёки бошқа суюқликлар (компот, турли чойлар) бериш лозим. Боиси иситма пайти организмдан катта миқдорда тер ажралиб, тана суюқлик йўқотади. Шунинг учун болага меъёрида ва меъёридан ортиқ суюқлик бериш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, болани тез-тез овқатлантириш керак.
Айтиш жоизки, тана ҳарорати 38,5 даражагача кўтарилиши организмнинг касалликка қарши курашаётганидан далолат беради. Яъни, танага инфекция тушганда иситма кўтарилиши нормал ҳолат ҳисобланади. Бироқ бу вақтда боланинг тана ҳароратини пасайтириш организмда инфекциянинг ишлаши ва жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Агар болада турли неврологик ва бошқа жиддий сурункали касалликлар бўлса, иситма 38,5 даражадан кўтарилганда унга иссиқни туширувчи дори воситаси - парацетамол ёки ибупрофен бериш тавсия этилади. Бу дорини 3 кун қўллаш мумкин. Агар шу вақт ичида боланинг умумий аҳволида ижобий ўзгариш бўлмаса, дарҳол оилавий шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.