Мамлакатимизда илк бора нишонланган "Ўзбекистон Касаба уюшмалари ходимлари куни" тантаналарида соҳа фидойиларининг самарали хизматлари алоҳида эътироф этилди. Жумладан, пойтахтимизда бўлиб ўтган тантанали маросимда бир гуруҳ касаба уюшма фаоллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерация­сининг "Эҳтиром нишони"нинг илк соҳиблари бўлдилар. Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар сафида вилоятимиз вакили, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Жамолиддинович Мамадалиев ҳам бор.

Тиббиёт ходимлари куни байрами нишонланаётган кезларда пойтахтимиздан яна бир ҳушхабар олдик. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов ва Наманган шаҳридаги "Oydin shifo" хусусий шифохонаси бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев Республика Тиббий туризм ассоциацияси томонидан "Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Соғлиқни сақлаш тизими равнақи, касаба уюшмалар фаолиятини кучайтиришдаги жонкурялиги ва тиббий туризмни ривожлантиришдаги фаоллиги учун кўкрак нишонларига сазовор бўлган ҳамюртларимизни юксак эътирофлар билан қутлаймиз.