Бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси вакилларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, уларга муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, халқ саломатлиги йўлида хизмат кўрсатиб келаётган саломатлик посбонларининг меҳнати юқори баҳоланмоқда.
Бутун дунё ҳамжамияти, шу жумладан бизнинг юртимиз ҳам оғир, синовли кунларни бошдан ўтказмоқда. Коронавирус инфекцияси юртимизга кириб келган илк кунлардан давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимларини "вирусга қарши кураш майдонининг энг олди қаторидаги қаҳрамон жангчиларга қиёслаб", уларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор қарорлар қабул қилдилар.
Бу ҳам бўлса беморлар ҳаёти учун ўз жонини хатарга қўйиб, халқ соғлиғи йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини ҳар томонлама рағбатлантиришнинг яққол ифодасидир.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлари Олимхон Бабаханов ва Ғиёсиддин Бабахановлар ташаббуси билан ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан сайлов округи ҳудудидаги 2-, 4-, 9-, 14-сонли оилавий поликлиникаларида фаолият кўрсатиб келаётган тиббиёт ходимлари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда инсон учун улуғ неъмат бўлган саломатлик посбонлари - шифокорлар энг шарафли ва масъулиятли касб эгалари эканликлари таъкидланди. Айниқса, уларнинг коронавирус пандемияси даврида кўрсатган матонатлари ва хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ оила шифокорлари, патронаж ҳамширалари ҳамда кичик тиббиёт ходимлари депутатларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.