СЕН КАСАЛ ЭМАССАН, АЗИЗ БОЛАЖОН!
Залнинг тўридаги экранда шифокорларнинг машаққатли меҳнатини ифодаловчи тасвирий лавҳалар бирин-кетин намойиш қилинмоқда. Кадр ортидан эса дилга яқин қўшиқ янграмоқда:
Мен сиздан шифо топдим
Жонга жон шифокорлар,
Халқ учун бўлинг сиз ҳам
Соғ-омон шифокорлар.
Тиббиёт ходимларини шарафловчи қўшиқ тугаши билан ўтирганларнинг олқиш қарсаклари янгради.
Бугун вилоят эндокринология диспансерига фарзандлари қандли диабет хасталигига чалинган ота-оналар ҳамда диспансер ҳисобида турувчи инсонлар таклиф этилдилар. Мақсад улар билан биргаликда халқаро санани тантанали нишонлаш эди.
Муассасаниниг тадбирлар залига тўпланганларни даставвал диспансер бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов қутлуғ кун билан табриклади. Сўнга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оналар ва болалар ўртасидаги эндокрин касалликларни самарали даволаш, айниқса қандли диабетга чалинганларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб боришни изчил таминлаш борасидаги кўрсатмалари муҳим аҳамият касб этаётганини мамнунят билан таъкидлади. У даволаниш соҳасида ҳар қандай муаммони диспансер шифокорлари ўз вақтида ҳал қилишга қодир эканликларини маълум қилди. Бугунги байрамда совғалар билан ташриф буюришиб, кичик беморларга катта қувонч улашаётган ҳомий ташкилот мутасаддиларига миннатдорчилик билдирди.
Анжуманда диспансер врачи Абдулло Абдулҳаев, Поп туман тиббиёт бирлашмасининг эндокринолог врачи Салимахон Умаровалар ҳам сўзга чиқишди. Барчани соғлом турмуш тарзига амал қилишга даьват этишди. Бу билан қандли диабетдан халос бўлиш мумкинлигини қайта-қайта уқтиришди.
Анжуманда шоир ва публицист, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррир ўринбосари Содиқ Сайҳун йиғилганларни қўшалоқ байрам - Халқаро диабетга қарши кураш куни ва Тиббиёт ходимлари куни билан қутлади. Шифокорларнинг ўзларига ҳам соғу омонлик тилади.
Анжуман сўнгида болажонларга байрам совғалари тарқатилди. Кейин эса уларга "Диабетлар мактаби"да зиёфат берилди. Ота-оналар кўрсатилган юксак эътибор ва ғамхўрликдан ғоят миннатдор бўлишди.
- Биз учун фарзандларимиз саломатлигидан муҳим вазифа йўқ, - деди Наманган шаҳрида яшовчи аёл М.Носирова. - Айни дамда болалар соғлиги учун биздан кўраям давлатимиз раҳбари - Президентимиз ҳамда тиббиёт ходимлари кўпроқ қайғуришаётганидан бошларимиз кўкка етмоқда. Шундай болапарвар юртда яшаётганимиздан беҳад ғурурланиб кетдик. Айниқса, диабет асли касаллик эмаслигини, соғлом турмуш тарзи билан болаларимиз унинг ҳуружидан бутунлай қутилишини қайта-қайта уқтиришганида кўнглимизга ғоят ёруғлик югурди. Эртанги кунга умиду ишончимиз янада мустаҳкамланди.
Юқоридаги каби эътирофларни кўпчиликнинг тилидан тингладик. Бир олам қувончга тўлган болаларнинг, уларни етаклаб келган ота-оналарнинг кўзларида хотиржамлик ифодаси жилваланди. Ахир фарзандлари асло ногирон бўлиб қолмайди, аксинча соғлом авлод сафида улғайишиб, баркамол инсонларга айланишади. Диспансер бош врачи Муҳаммаджон Ваққосов бунга кафолат берувчи ёрқин мисолларни келтириб ўтдики, шифокорнинг ҳар бир сўзи ота-оналарнинг ўринсиз ташвишини беихтиёр кўнгилларидан аритиб юборди.
Ўз мухбиримиз.