НИМАЛАРНИ БИЛИШ ЗАРУР?

Ҳар йили 1 декабрь санаси анъанавий равишда "Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни" сифатида нишонланади. Бу санада ОИТС билан оғриганларни қўллаб-қувватлаш, хасталик аломатлари, ундан сақланиш бўйича огоҳликни ошириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш тиббиёт ходимларининг асосий мақсадларидан бири хисобланади.

Ҳар бир инсон ОИВ инфекцияси ва ОИТС хасталиги бўйича нималардан бохабар бўлиши, профилактика учун нималарга риоя қилиниши кераклиги хусусида батафсил маълумот бериб ўтишни лозим топдик.

- ОИВ инфекцияси ва ОИТС хасталиги нима? Унинг инсон органзми учун зарари қандай намоён бўлади?

- ОИВ (одам иммунитети танқислиги вируси) сурункали юқумли касаллик бўлиб, инсон организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. У организмни ташқи хавфли таъсирлардан ҳимоя қилувчи тизим - иммун тизимини издан чиқаради. Унинг ўзига хослиги шундаки, вирус организмга тушган дастлабки даврда ҳеч қанай нохуш аломатлар сезилмайди, иммун тизими вирусларнинг тажовузини бостириб туради. Одам вирусни юқтириб олганидан бошлаб 10 йилгача ўзи касал эканини сезмайди. Бу даврда организмда ОИВ вируслари билан касалланган ҳужайралар сони соғлом ҳужайраларга қараганда ошиб боради, натижада ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) келиб чиқади. Бу сурункали тарзда кечувчи тизимли хасталик. У фақат битта органни зарарлайди, деб тушуниш хато. Организмнинг вируслар билан маҳв этилиши натижасида иммун тизими ўз вазифасини бажара олмайди, натижада инсон ҳар қандай таш­қи таъсирга сезувчан бўлади, оддий касалликларни ҳам оғир кечиради. Орга­низм­нинг курашувчанлиги йўқолгани боис ёндош касалликлар ривожланиб бораверади. ОИТС сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал, қисқа вақт ичида кескин озиб кетиш, ҳарорат сабабсиз кўтарилиши, узоқ вақт ич кетиши (диарея), оғиз бўшлиғи ва турли аъзолар яллиғланиши, хавфли ўсмалар ривожланиши каби белгилар билан намоён бўлади.

- ОИВ инфекцияси қандай йўл билан юқади? Ундан ҳимояланиш учун нималарга диққат қаратиш лозим?

- UNAIDS (БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури) маълумотларига кўра, дунё бў­йича айни кунда 38 млн киши ОИВ инфекцияси билан касалланган. Касаллик кўпинча 20-49 ёшлилар ўртасида қайд этилади. Бу хасталикнинг узоқ вақт яширин тарзда кечиши, натижада беморнинг ўзи билмаган ҳолда бошқаларга ҳам касалликни юқтириши билан боқлиқ.

ОИВ инфекцияси ОИВ билан зарарланган шахс билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда, гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган жарроҳлик, доялик, стоматологик ва бошқа тиббий асбоблар орқали муолажалар олганда, шприц ва игналардан умумий фойдаланилганда, инфекцияни юқтириб олган ҳомиладор онадан болага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғуруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали юқади.

- ОИТСни даволашнинг ҳеч қадай чораси йўқми?

- Бугунги кунда ОИВ инфекциясини юқтириб олган одамнинг умрини соғлом одамнинг умричалик чўзиш мумкин. Бу муолажа вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор қонида кўпайиб боришига йўл қўймайди, яъни қонда вируслар сони камайиб, иммунитет кучаяди, вирусга қарши курашувчи ҳужайраларнинг сони ортиб, беморнинг аҳволи яхшиланиб боради.

- Ўзида ОИВ инфекциясининг мавжудлигини гумон қилган шахс кимга мурожаат қилиши лозим?

- Ҳар бир инсон ўзида шубҳали ҳолатларни сезган тақдирда ихтиёрий равишда текширувдан ўтишлари мумкин. Бунинг учун ҳар бир вилоятдаги ОИТСга қарши курашиш марказлари ва туманлараро ОИТСга ташхис қўйиш лабораторияларига мурожаат қилиш лозим. "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан текширувлар текширувдан ўтаётган шахснинг хоҳишига кўра махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади. ОИВга текшириш натижалари қандай бўлишидан қатъи назар шифокор буни сир сақлаши кафолатланади. Шу боис текширувлардан ўтишдан қўрқмаслик керак.

- Мазкур касалликка қарши кураш бўйича республикада қандай ишлар йўлга қўйилган?

- ОИТСга қарши курашга йўналтирилган давлат дастурлари асосида тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мус­таҳкамланди, бу эса ОИВ инфекциясининг парентерал йўл (инъекцион муолажалар орқали) билан юқиши кўрсаткичини камайтирди. Инфекция онадан болага юқишининг олдини олиш бўйича ҳам ишлар йўлга қўйилган. Яъни, ҳар бир аёл ҳомиладорликнинг ўн тўртинчи ҳафтасидан жойлардаги тиббиёт муассасаси томонидан назоратга олиниб, ОИВга тиббий текширувдан ўтказилади. ОИВ инфекцияси аниқланган ҳомиладор аёлга белгиланган муддатдан туғруқ амалга оширилгунгача вирусга қарши махсус профилактика дори воситалари берилади. Туғилган болага ҳам бир ой давомида вирусга қарши профилактик дори препаратлари берилади. Бунинг натижасида касаллик онадан болага юқиши кўрсаткичлари кескин кама­йишига эришилди. 2013 йилда ОИВ инфекциясининг онадан болага юқиши 2,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 0,1 фоизга тенг бўлди. Айни вақтда Ўзбекистон ОИВ инфекциясининг онадан болага юқиш ҳолатларидан озод ҳудуд сифатида сертификат олиш арафасида турибди. Вилоятимизда онадан болага юқиш ҳолатлари кузатилмаяпти.

"Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар ОИВ инфекцияси бўйича текширувдан ўтказилади, агар уларда касаллик аниқланса, диспансер назоратига олинади.

Турсуной ЙЎЛДОШЕВА,

вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази поликлиникаси

врач терапевти,

Муқаддас АБДУРАҲМОНОВА,

марказ поликлиника бўлими ҳамшираси.