Ҳаёт - тириклик неъмати, инсонга фақат бир борагина бериладиган умр туҳфаси. Уни қадрлаш, ҳар онини, ҳар сониясини эзгу амалларга бағишлаш зоти шарифликнинг яшаш мазмун-моҳиятини билдиради. Умр аталмиш бетакрор имкон олдидаги бурчимизни тўла адо этишимиз учун эса, аввало, соғлиқ керак. Тани сиҳатликни барқарор ва бардавом ушлаб туриш фақат ўзимизгагина боғлиқ эмас. Бу борада ҳаммамизга шифокор меҳри, ташхиси, маслаҳати, тавсияси ва муолажаси ҳар вақт асқотади. Уларсиз соғлигимизни меъёрида ушлаб туролмаймиз. Уларсиз ҳузур - ҳаловат билан юролмаймиз. Уларсиз узоқ умр кўролмаймиз.
Халқона ибора билан айтганда, дўхтирларсиз, дўхтирхоналарсиз ҳаётимизни асло тасаввур этолмаймиз. Бир ўйлаб боқайлик-чи: танимизнинг ҳарорати кўтарилса, қонимизнинг босими ортса, юрагимиз бежо ура бошласа, қаеримиздадир санчиқ сезсак, еган овқатимиз ошқозонимизга ботмаса, бошимиз айланса, мадоримиз қуриса, кўзимиз хиралашса, эшитишимиз пасайса, нафас олишимиз қийинлашса, томоғимиз қичиб йўталимиз қўзғаса, тишларимиз оғриса, қўл-оёғимиз увишса, нима қиламиз? Албатта, "тез ёрдам"чиларни чақирамиз ёки ўзимиз шифокорларнинг ҳузурига ҳовлиқиб борамиз. Қидириб овора бўлмаймиз, улар ҳамиша бизни кутиб ўтиришади. Дардимизни сўрашади, текширишади, сўнг аниқ хулосага келгач, муолажага киришишади. Врач кўрсатмаси асосида ҳамшира танамизга шифобахш дори-дармонли уколни юборгач, аҳволимиз анча енгилашади. Гўёки кўзимиз ялт этиб очилади. Ҳаёт гўзаллиги аслига қайта бошлайди яна биз учун. Зарурати туғилса, ётиб муолажа оламиз. Саломатлигимиз ўнглангач, тағин оиламиз бағрига, ишхонамизга тикланган янги куч-қуввату иштиёқ билан ошиқиб қоламиз.
Дарвоқе, юзимизда мамнунлик ифодаси жилваланади. Минг раҳмат, сизларга! - деймиз миннатдор оҳангда. Ана шу лаҳзаларда врачу ҳамширалар яйраб-яшнаб кетишади. Чунки, касбларидан фахрланишиб, кўнгиллари чоғлангандан чоғланади. Гўёки ўзларини тирик тан офати саналувчи касалликларга қалқон бўлишга қодирланган кўкси тоғ инсондек ҳис қилишса ҳам ажаб эмас. Бунга улар ҳар жиҳатдан ҳақлидирлар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тиббиётчилар байрами айёмидаги табрикномаларида шифокорлар шаънига уларни кўкларга кўтаргувчи таърифу тавсифларни ҳар гал бежиз йўлламайдилар. Чунончи:
"Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди.
Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир" деган сўзлар замирида оламча маъно ётибди. Бу - давлатимиз раҳбарининг рағбати, эътирофу эҳтироми эмасми?! Худди шундай. Ахир коронавирус тарқалгандан буён наинки инфекционист- врачлар, балки терапевт, кардиолог, невролог, пульмонолог, фтизиатр- қўйингки "тез ёрдам"чилардан тортиб оилавий шифокорлару патронаж ҳамшираларгача бир тану бир жон бўлиб курашиб келишмоқда. Натижаси ҳаётимизда, кўз ўнгимизда аён. Касалланиш кескин камайтирилди, касалланганлар эса соғайтириб борилмоқда. Энди бўлса, вакциналар билан эмлаш орқали танамизда вирусга йиқилмас тўсиқ қўйилмоқда.
Мен қутлуғ байрам арафасида даставвал олим-шифокорларнинг номларини тилга олишни ўринли деб билдим. Тиббиёт фанлари докторлари - Муҳаммаджон Ваққосов, Азимжон Ҳикматов, Ёдгормирза Нурматовлар эндокринолог, кардиолог, уролог жарроҳ сифатида йил бўйи тиббий кўрик ҳамда тиббий амалиётларда фаол қатнашиб келдилар. Вилоят санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари ҳам юқумли хасталикларнинг олдини олишга катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Тиббиёт тизимидаги барча йўналишларда истиқлол ислоҳотлари шарофати туфали жиддий ва ижобий ўзгаришлар рўёбга чиқарилаётгани ҳаётий ҳақиқат экан, бугун илғорларнинг илғорларини алоҳида зикр этиш фарзимиздир.Педиатр Муяссар Нишонова, неонатолог Дилором Абдуллаева, терапевт Улуғбек Рапиқов, хирург Абдусалом Хўжамбердиев, гинеколог Фотима Қаюмова, инфекционист Қосимжон Мамадалиев, онколог Акмалжон Мўйдинов, анестезолог-реаниматолог Маъруфжон Мирзаев, оториноларинголог Нурлан Дўланбоев, травматолог-ортопед Абдурашид Бегалиев, стоматолог Бегзод Қосимов, психиатр Муслима Ҳамдамова, офтальмолог Бахтиёр Турсунов, нейрохирург Иброҳим Жиянов, фармаколог Фурқат Холмирзаев, фтизиатр Баҳром Кучмонов ва яна неча-нечалаб фидойиларнинг хизматлари элимизга маъқули манзурлигини яхши биламиз. Уларнинг атрофида касбини шону шарафларга буркаётган очиқ кўнгил, меҳри қуёшдек беминат халоскорлар ҳам оз дейсизми. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, наманганлик шифокорлар тиб илмининг алломаси Абу Али ибн Синонинг чинакам издошларидир. Ҳар қандай касални бемор танасидан чекинтиришга уларнинг билими ҳам, малакаси ҳам етарли. Тажрибалари бой, ниятлари улуғ, қадамлари қутлуғ. Шу боис, шаъниларига ҳар куни мингдан-минг раҳматлар ёғилади, ёғилаверади.
Сизга олқиш, сизга шараф, Янги Ўзбекистоннинг раҳмат миллионерлари!
Содиқ САЙҲУН.