Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали мутахассислари бой тажрибага, юқори малакага эга эканликларини аввалдан яхши биламиз.
Уларнинг хорижий мамлакатлардаги ҳамкасблари билан ҳамкорлиги доираси эса йилдан йилга кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётгани юрак хасталигидан азият чекаётган беморларни соғайтириш борасидаги муваффақиятларининг асосий омилларидан бирига айланиб қолган. Бу галги меҳмон Россия Федерациясидан ташриф буюрди.
Тиббиёт фанлари номзоди, моҳир кардиохирург Игорь Александрович Балабанов Новосибирск кардиология диспансерида минглаб беморларнинг умрига-умр қўшаётган, ҳаётини сақлаб қолаётган сеҳрли қўллар соҳиби, десак асло муболаға эмас. У Намангандаги ҳамкасблари ҳузурида бир ҳафта бўлишни ниятлаб, 25 октябрда етиб келди. Ҳар дақиқа, ҳар соатни ғанимат билган филиал жамоаси имкон қадар меҳмондан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди.
Жарроҳлик бўлимида профессор Азимжон Ҳикматов, Абдусалом Хўжамбердиев ва Орифжон Қосимовлар Игорь Александрович билан биргаликда хаста ҳолларни текширувдан ўтказишди, керак бўлса, юрак қон томирлари мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажаришди. Шуниси диққатга сазоворки, россиялик мутахассис наманганликларнинг билим ва малака бобида россияликлардан асло кам эмасликларини кўриб, беҳад мамнунлик туйди.
- Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида Президентингиз раҳбарлигида беқиёс ислоҳотларни олиб боряпсизлар, - деди у алоҳида таъкидлаб. - Биргина сизнинг шифохонангиздаги ўзгаришларнинг ўзиёқ шундан далолат беради. Мультиспиралли компьютер-томограф, ЭФИ станция, кислород станция ҳамда доплерли УЗИнинг борлиги беморларга ташхис қўйиш ва даволашда юқори самара ва сифатга эришишингизни кафолатлайди. Мен сизларга фақат ўргатгани эмас, сизлардан ўргангани ҳам келганимни яширмайман. Тажрибаларимизни ўзаро баҳам кўрсак, тиббиётда юксак натижаларини қўлга киритишга эришаверамиз.
Ҳамкорликнинг ҳар куни кардиожарроҳлар учун билим, тажриба ва маҳоратни бойитиш билан ўтди. Жарроҳлик амалиётлари орасида назарий машғулотларга ҳам алоҳида вақт ажратишди. Юрак хасталикларида аорта шунтлашга замонавий ёндашувлар масаласига бағишланган семинар қатор-қатор савол-жавоблар билан ғоят қизғин кечди. Бу ҳолат ҳар икки томонни ҳам қониқтирди.
- Наманганликларнинг Новосибирск диспансеридаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик ўрнатганига қарийб ўн йил бўлмоқда, борди-келдилар ҳамон давомли,-дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. - Энг қувонарлиси, бу гал бизлардаги ўзгаришлар уларниям ҳайратга соляпти.Келгусида "Телемедицина"ни йўлга қўймоқчимиз. Ўшанда бир-биримиздан маслаҳат олишимиз, муаммоли ҳолатларни тезда ижобий ҳал этишимиз осонлашади.
Яна бир янгилик истиқболли алоқалар бардавом бўлиши учун "Меморандум" ҳам имзоланди. Бу келишув амалдаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига тўла асос бўлиб хизмат қилаверади.
Содиқ САЙҲУН.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.