Абдулҳоди ИМИНОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.
Эл соғлиғи - юрт бойлиги, дея бежиз айтилмаган. Зеро, инсон учун энг бебаҳо неъмат унинг саломатлигидир. Соғлом халқ, соғлом миллатгина улуғ ишларга қодир бўлади. Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагига тамал тоши қўяётган меҳнаткаш ва фидойи халқимиз саломатлигини ишончли муҳофаза қилишдек шарафли вазифа масъулиятини дилдан ҳис этиб, элимиз дардига дармон бўлаётган тиббиёт ходимлари ўзларининг бу йилги касб байрамларини бағоят кўтаринкилик билан, соҳада кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини тобора ошириш билан сезиларли ютуқларга эришган ҳолда кутиб олмоқдалар.
Аввало, шуни таъкидлаш жозки, кейинги йиллар саломатлик посбонлари учун жуда ҳам машаққатли кечди. Жаҳон аҳлини қаттиқ ташвишга солган коронавирус инфекцияси таҳдиди соҳа вакилларини жиддий синовдан ўтказмоқда. Пандемия шароитида жасорат кўрсатиб, манфур касаллик тарқалишига жиддий ғов қўя олган, хавфли хасталикка чалинган кишилар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларни омон-эсон оёққа турғазиш учун туну кун курашган соғлиқни сақлаш ходимларининг матонати халқимиз ёдида узоқ вақт сақланиб қолади, десак асло муболаға эмас. Айни пайтда ҳам оқ халат соҳиблари коронавирусга қарши астойдил кураш олиб бормоқдалар. Чунки, хавфли инфекциянинг янги турлари ҳамон инсоният учун янада жиддий муаммоларни туғдирмоқда. Шунинг учун ҳам коронавирусга қарши вакцинациялаш тадбирлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
2021 йилга "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" дея ном берилгани ҳам шифокору ҳамшираларга, соҳанинг барча хизматчиларига юксак масъулият юклагани айни ҳақиқатдир. Шу боис жорий йилда юртдошларимизга ҳар қачонгидан кўра малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш учун астойдил интилдик. Давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш учун изчил фаолият олиб борилди.
Йил бошидан асосий эътибор тиббиётнинг бирламчи бўғини ишини тубдан такомиллаштиришга қаратилди. Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар қилинди. Аҳолини тўлиқ тиббий хатловдан ўтказишдек мураккаб ва зарурий вазифани амалга ошириш учун бутун тизим аҳли бир тану бир жон бўлиб иш олиб борди. 1162 нафар шифокор, 8294 нафар ўрта тиббиёт ходимидан таркиб топган 1112 та "Тиббиёт биригадаси" маҳаллама-маҳалла, уйма-уй кезиб ёшу қарининг соғлиғини ва яшаш тарзини кўздан кечирди. Қисқаси, шифокорларнинг асосий фаолияти бевосита хонадонларда кечди. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида вилоятимиз аҳолисининг саломатлик кўрсаткичлари шаклланди.
Кейинги босқичдаги вазифа эса тиббий хатлов чоғида аниқланган кўрсаткичлардаги паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи ва юқори хавф гуруҳига мансуб инсонларни соғломлаштиришдан иборат бўлди ва бу хайрли иш йил давомида фаолиятимизнинг асосига айланди. 3-4 хавф гуруҳига кирувчи 709 минг нафардан ортиқ беморлар тўлиқ скринг текширувлари билан қамраб олинди. 345 минг нафардан зиёд беморлар амбулатор шароитида, салкам 130 минг нафар хастаҳоллар туман ва шаҳар, 36 минг нафарга яқин киши вилоят ва республика шифохоналарида стационар шароитда саломатликларини тиклашга муваффақ бўлдилар. Бу ўринда вилоятимиз ва республика тиббиёт марказларининг ҳамкорлиги ижобий самара берганлигини қайд этмоқ лозим.
Қолаверса давлатимиз томонидан беморларни 66 хилдаги дори-дармонлар билан таъминлаш тизимининг йўлга қўйилганлиги бирламчи тизим имкониятларини кенгайтирди, оилавий шифокорлар нуфузини оширди.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ишини замон талаблари асосида ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Вилоятимизда ҳам бу йўналишда муайян ишлар олиб бориляпти. Ихтисослашган тиббий хизматни такомиллаштириш, тиббиётни рақамлаштириш, телемедицина тизимини жорий қилиш каби йўналишларда самарали натижаларга эришилмоқда. Наманганда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 14 та филиали очилмоқда. Эндиликда қатор юқори технологик жарроҳлик амалиётлари вилоятимизнинг ўзида амалга оширилаётгани қувончли ҳолдир. Яъни, буйрак трансплантацияси ва бошқа мураккаб операциялар маҳаллий шифокорлар иштирокида муваффақиятли олиб борилмоқда.
Кардиология, эндокринология, онкология ва бошқа йўналишларда бу борада муҳим қадамлар қўйилмоқда. РШТЁИМ Наманган филиали, РИКИАТМ Наманган филиали, ВКТТМ, ВБКТТМ, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази ва бошқа ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларида бошланган амалий ишлар натижаси ўлароқ кўплаб юртдошларимиз хорижда ёки пойтахтда эмас, балки Наманганнинг ўзида оғир дардлардан халос бўлдилар.
Вилоятимизда хусусий тиббиёт ҳам жадал равнақ топмоқда. Бугунга келиб нодавлат тиббиёт ташкилотлари сони 453 тага етди. Уларда 4 минг нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш ходими хизмат кўрсатмоқда. Хусусий сектор сон жиҳатдангина ўсиб қолгани йўқ. Балки фаолият даражаси ҳам ғоят юксалди. "Анамед", "Ойдин шифо" ва бошқа клиникаларда амалга оширилаётган юқори технологик амалиётлар соҳанинг муттасил такомиллашиб бораётганлигидан далолатдир.
Шу ўринда давлат хусусий-шериклик йўналишида ўнлаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётганлигини ҳам таъкидлаш даркор. Тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ҳисобига вужудга келадиган янги клиникалар тиббиётимиз салоҳиятини янада оширишига умид қиламиз. Айни пайтда Австрия, Германия, Италия ва бошқа давлатларнинг сармоядорлари билан ҳамкорликда татбиқ этилаётган лойиҳалар шулар жумласидандир.
Соҳанинг моддий-техник имкониятларини янада ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам таҳсинга лойиқ. Жорий йилда Инвестиция дастури асосида қурилган, қайта таъмирланган ва реконструкция қилинган 7 та тиббиёт объектлари эътиборга моликдир. Бинобарин, РШТЁИМ Наманган филиали, Наманган шаҳар туғруқ комплекси, 1-шаҳар шифохонаси, шаҳар болалар шифохонаси каби муассасалар бинолари бунёдкорлик ишларидан сўнг бутунлай замонавий қиёфага кирди, хизмат кўрсатиш даражаси кескин юксалди. Бундан ташқари вилоятнинг энг олис ҳудудларида "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида 50 дан зиёд тиббиёт масканларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ўндан ортиқ оилавий шифокорлик пунктлари фойдаланишга топширилди. Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 70 миллиард сўмдан зиёд, маҳаллий бюджетдан эса 24 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, уларнинг билим ва тажрибаларини бойитиш масаласига ҳамиша устувор аҳамият қаратилади. Кейинги йилларда Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва бошқа давлатларнинг етакчи клиникалари билан тажриба алмашиш, врачлар малакасини ошириш борасида ҳамкорлик қилинмоқда. Эндиликда "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танлови врачларимизни ўз устида ишлашга, изланишга, хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширишга ундамоқда. Тиббиётчилар куни арафасида ўтказилган навбатдаги кўрик-танловда ўнлаб ҳамкасбларимиз республика, ўттиздан зиёд шифокорлар вилоят босқичида ғолиб чиққанлиги фикримиз далилидир.
Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида тиббиёт соҳасида келгусида кўзланган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Юртбошимиз қайд этишича, "Тараққиёт стратегиямизда халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади.
Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш мўлжалланмоқда".
Асосий мақсад - тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат.
Тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади.
Азиз ҳамкасблар!
Давлатимиз томонидан тиббиётни юксалтириш учун нимаки зарур бўлса, барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Гап энди халқимизга фидойиларча, сидқидилдан хизмат кўрсатишда, аҳолини тиббиётдан рози қилишда қолди. Соҳа фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, давр руҳига ҳамоҳанг хизмат кўрсатишга эришишимиз лозим. Зеро, бугунги тиббиёт - кечаги тиббиёт эмас. Янгича қарашлар, янгича изланишлар, янгича технологиялар асосий мезонга айланмоқда. Адолат, очиқлик, шаффофлик тамойиллари устуворлик касб этмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз саломатлик посбонларини касб байрами - Тиббиёт ходимлари куни билан чин дилдан муборакбод этаман. Машаққатли ва шарафли фаолиятингизда омадлар ёр бўлсин. Барчангизга бахту саодат, оилангизга файзу барака тилайман.