Орамизда шундай одамлар борки, оқил, доно, меҳнатсевар ва фидойилиги сабаб фойдали касб-корни эгаллаб, умрлари давомида бор имконияту маҳоратларини ҳамюртларининг саодатли йўлига бахш этмоқдалар. Ва шу орқали ўзларининг бахтли, тахтли ҳаётларини таъминлаш баробарида эл ардоғига мушарраф бўлаётирлар. Жумладан, янгиқўрғонлик шифокор-нарколог Нурмуҳаммад Аролов ҳам.
У 1981 йили Ҳадикент қишлоғида деҳқонлар оиласида таваллуд топган. Мактаб ўқувчиси чоғида кимё-биология фанларини жону дилдани севиб ўқиши, ўзлаштириши туфайли устозлар эътиборига тушган эди. Ўшанда ундан келгусида етук врач чиқиши мумкинлигини айтишиб, асло хато қилмаган эдилар.
Мактабни аъло баҳоларга битирган Нурмуҳаммад болаликдаги орзуси ҳамда устозларнинг тавсиясига кўра Андижон давлат тиббиёт институтига йўл олди ва барча синовлардан муваффақиятли ўтгач, талабаликка қабул қилинди.
Тиббиётнинг сир-асрорларини пухта ўрганишни астойдил дилига туккан йигит тинимсиз ўқиди, изланди, дарсдан ташқари пайтлари ҳам устозларидан қўшимча сабоқлар олиб турди. Жумбоқли саволларга жавоб топмагунча китобдан бош кўтармади. Меҳр билан ўқиши, астойдил изланиши, атрофдагиларга оқибатлилиги туфайли курсдошлари орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлди.
Етти йиллик "олтин давр"ни ортда қолдирган Нурмуҳаммад Аролов олий маълумотли врачлик дипломи билан туман тез тиббий ёрдам бўлимида илк меҳнат фаолиятини бошлади. У бажараётган вазифасига масъулият билан қараши, фидойилиги, жамоат ишларидаги фаоллиги билан алоҳида ажралиб турарди. Ўша даврда туман наркология бўлими мудири лавозимига олий маълумотли мутахассис лозим эди. Назарияни амалиёт билан уйғунлаштиришдан эринмайдиган, ишлаб чарчамайдиган ва ўтган бир йил ичида ишчанлиги туфайли етарли тажриба тўплаган Нурмуҳаммад ҳар жиҳатдан бу вазифага мос эди. Раҳбарларнинг танлови билан ёш ва ғайратли врач Нурмуҳаммад туман марказий шифохонаси таркибидаги наркология хонаси мудирлигига ўтказилди.
Хўш, нарколог врач Нурмуҳаммад Аролов 15 йилдан буён бошқараётган бўлимнинг вазифаси нималардан иборат?
- Ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, заҳарвандлик каби инсон умрининг кушандаси бўлган иллатларга қарши курашамиз, - дейди Н.Аролов биз билан суҳбатда. - Шу йўналишдаги беморларни ота-онаси, МФЙ раиси, участка нозири ва инсоннинг ўзи билан суҳбатлашиш асносида аниқлаймиз ва зудлик билан даволаб, ҳаётга қайтариш чораларини кўрамиз. Мамнуният билан айтишим мумкинки, бундай касалланиш туманимиз ёшлари орасида йўқ, аммо катталардан 162 нафари бўлимимиз ҳисобида туради. Уларнинг 13 нафари гиёҳвандликка чалинган, ачинарлиси ҳатто бири аёлдир. 2021 йил мобайнида спиртли ичимлик истеъмол қилган-қилмаганлигини аниқлаш мақсадида 1737 нафар одамда экспертиза ўтказилди. Уларнинг 1567 нафари ичган бўлиб, қолгани соғ экан. Аслида беморни даволагандан кўра, хастаҳолликнинг олдини олган маъқул. Шу мақсадда прокуратура, ИИБ ва бошқа ташкилот, муассаса ходимлари билан ҳамкорликда тегишли мутахассислар билан маҳалла, мактаб, коллеж ва корхоналарда ичкилик ва гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари ҳақида тизимли машғулотлар олиб борамиз. Масалан, оддий нос таркибида кул бўлиши илмий асосланган. Кул - бу ишқор дегани. Нос чеккан одам гўё лаззат олганга ўхшайди, аммо нос таркибидаги ишқор чекувчининг нозик организмини емириш баробарида ақлини ҳам заифлаштиради.
Дарҳақиқат, вужудидан ғайрат-шижоат уфуриб турган Нурмуҳаммад Аролов бор билим ва маҳоратини юртдошларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга бахш этяпти. У тиним билмайди: гоҳ мактабда, гоҳ қайсидир корхонада, гоҳида қайсидир маҳаллада наркологик касалликлардан сақланиш омиллари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари билан банд. Шунингдек, касалликка чалинганлар билан эринмай суҳбатлашади, хатосиз рўйхатга олади ва зарур ҳолларда биринчи ёрдам кўрсатгач, беморни вилоятдаги ягона наркология шифохонасига ўзи олиб боради.
"Меҳнат қилган элда азиз" деган нақл ҳам айнан Нурмуҳаммад каби фидойиларга нисбатан айтилган бўлса ажаб эмас. Чунки, яқинда вилоятдаги соҳа вакиллари орасида ўтказилган танлов тадбирида Н.Ароловнинг иши юксак баҳоланиб, вилоятда биринчи ўринга лойиқ кўрилгани ва унга тегишли расмий ҳужжатлар пойтахтга юборилгани фикримизни яққол тасдиқлаб турибди.
Мақоламиз қаҳрамони ҳамқишлоғи, ўқитувчи Гулнозахон билан тақдирини боғлаган. Улар икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказишяпти. Айтиш жоизки, Нурмуҳаммад оилада ҳам меҳрибон ва ғамхўр отадир.
Қамбар ҲАЙДАР.
Янгиқўрғон тумани.