Таъбир жоиз бўлса, мен ўз касбимни йўқлик қаъридан борликни топувчи, кўзга кўринмас ёвнинг афту башарасини зулмат ичида ҳам таниб, у ҳақдаги маълумотни қуролланган "жангчи"ларга етказувчи разведкачиларга қиёслагим келади. Ахир жанг олдидан душманнинг кимлиги, қаердалиги, мақсади ва уни қандай қилиб даф этиш мумкинлигини аниқлаш ва бўлгуси ғалабанинг энг муҳим омили нима эканини билиб олиш қанчалар муҳим бўлса, вирусологларнинг иши ҳам шунга кўп жиҳатдан ўхшаб кетади-да. Буни биз айниқса, коронавирус авжига чиққан 2020 йилда яққол кўрдик. Кўрдиккина эмас, бало-офатга қарши юзма-юз туриб, курашдик.

Очиғини айтганда, пандемияга қадар вилоятимизда атиги биттагина вирусология лабораторияси иш олиб борган бўлса, зудлик билан белгиланган чора-тадбирлар туфайли даст­лаб 4 та, яъни Наманган шаҳри, Учқўрғон, Янгиқўрғон ва Чуст туманларига ПЗР аппаратлари келтирилиб, текширувлар бошлаб юборилди. 2021 йили эса Уйчи, Поп ва Косонсой туманларига ҳам етказилиб, "COVID-19" ни ўша жойнинг ўзида аниқлаш йўлга қўйилди. Лабораториялар зарур кадр­лар билан таъминланиб, барчаларига семинар-тренинглар ташкиллаб, етарли билим ва малака ҳосил қилишлари учун тўла шароит ва имкониятлар яратиб бердик. Менинг ўзим уларга доимий равишда услубий кўмак бериб, ўргатиб турдим. Таҳлиллар сифатига изчил назорат ўрнатдим.

Вилоят санитария-эпидемология осойишталиги ва жамият саломатлиги бошқармаси марказий лабора­тория­сидаги озми-кўпми хизматларим пандемия кучайган бир пайтда - 2020 йил 23 июлда Президентимиз Фармонларига мувофиқ юксак баҳоланди. "Содиқ хизматлар учун" медали билан тақдирландим. Тўғри, қийин ва оғир чоғда жонимизни гаровга қўйиб, халқимиз ҳаётига чанг солаётган ёвуз-тождор вирусга қарши курашдан чўчимадик. Ёнимдаги Мирзоҳид Пўлатов, Дилшодбек Эргашев каби врачлар, Гулчеҳра Мадаминова, Гулзода Абдукаримова, Назира Камолова, Улуғбек Тошбоевларга ўхшаган ўрта махсус маълумотли ҳамшира ва фельд­шерларнинг кеча-кундуз фидойиларча ишлаганликларини алоҳида эътироф этишим керак. Қисқа фурсатда 280 минг кишининг таҳлилларини амалга оширдик. Даст­лаб коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш учун 1-2 кун вақт сарфлаган бўлсак, қулай шароит ҳамда энг такомиллашган аппаратлар берилгач, бу муддат 4-5 баробарга қисқарди. Касалликка гумонланувчиларнинг қўлига натижалар узоғи билан 8 соатда етказилишини таъминлаяпмиз.

Ҳозирда вилоятда 44 нафар врач-вирусолог фаолият юритмоқда. Туманлардаям вилоят марказидагидек шароит ва имкониятлар яратиб қў­йилган. Очиғини айтсам, давлатимиз инсонларни бу бало-офатдан сақлаш учун маблағни сираям аямаяпти. Биргина мисол: тест тизими арзон эмас. 1 та тўплам 100 кишига етади. Нархи 4000000 сўм. Энди буни минг-минг­ларга кўпайтиринг, кейин миллионларга... Шундай ғамхўр Юртбошиси ва ҳукумати бор Ватан - Ўзбекистонда яшаётганимиздан, бепул тестдан ўтаётганимиздан чексиз фахрлансак арзийди. Худо хоҳласа, пандемияни енгиб, оғир кунларни имкон қадар беталофат ортда қолдирамиз. Чунки, эмлаш авжида.

Вакциналар келтирилиб, одамлар биринма-кетин, босқичма-бос­қич эмланаётганликлари яхши натижалар беряпти. Касалланиш июль ойида яна бир кўтарилгани билан, кейин пасайди, бундай ҳол эмланганлар ўртасида деярли юз бермаяпти дейишга тўла ҳақлиман. Ахир тахлиллар қўлимиздан ўтаяпти, маълумотлар шуни тасдиқлаяпти.

Айни маҳалда Тошкентдаги Республика врачлар малакасини ошириш марказида халқаро вирусологлар семинарида қатнашяпман. Германиялик ҳамкасбларимиздан сабоқ оляпмиз. Билим ва малакамиз тобора мукаммаллашяпти. Вирусни аниқлашнинг, даф этишнинг энг янги, энг мақбул йўлларини ўрганяпмиз. Тажрибаларимизни ўртоқлашяпмиз, ҳамкорлигимиз мустаҳкамланяпти.

Йиллар югурик экан. 1978 йили Уч­қўрғоннинг Қўғай қишлоғида туғилиб, 1994 йилда 2-Тошкент давлат тиббиёт академиясига бориб, у ердаги сабоғимни 2000 йили якунлаб, ҳозирги жойимда ишга киришган эканман, йигирма бир йил инсонларга ҳаётига хавф солувчи вирусларнинг кўпини кўрдим, лекин "COVID-19" дақасига биринчи бор рўбарў бўлдим. Барибир сал чўчидиму, касбий бурчимни чуқур ҳис этиб, халқимизнинг саломатлигини ўйлаб, қилни қирқ ёргудай куч ва матонатни ўзимда топа олдим. Худога минг шукур, вирус билан олишиб, ундан енгилишни асло хаёлимга келтирмаяпман. Менга бир неча йиллар аввал Сулотина Жемилова ҳамда Инобат Эргашева сингари устозларим берган "оқ фотиҳа" баланд руҳ, битмас-туганмас куч-қувват бағишлайверади.

Нилуфар АҲМЕДОВА,

вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамият саломатлиги

бошқармасининг вирусология лабораторияси мудираси.