Олийгоҳ талабаси бўлиш фаровон турмушнинг пойдеворидир. Чунки, олий маълумотли мутахассисга иш ҳамиша тайёр. Ҳаётда кўриб турибмиз. Чуқур билимли кадрларнинг жамоада қадри баланд.

Бу йилги Тиббиёт ходимлари кунини Наманган давлат университети тиббиёт факультетининг қал­дир­ғочлари - биринчи курс талабалари ҳам нишонлашаётгани байрамни бир безаги бўлса ажаб эмас.

Тиббиёт соҳасига ўзимизда шифокорлар тайёрланиши - нафақат ёшларга, балки, ота-оналарга, шифокорларга ўзгача қувонч бахш этади. Ахир, вилоятимиз тиббиёт муассасаларига врачлар етишмаслиги муаммоси аста-секин бартараф этиб борилади-да.

Шу ўринда бир жиҳатни айтиб ўтиш жоиз: наманганлик оилаларни кўпчилиги қизларини бошқа шаҳарга ўқишга юборишга унча рўй-ҳуш беришмайди. Шунинг учун, шифокор бўламан, деб ният қилган қизларимизнинг орзуларига етишишлари мушкулроқ эди. Ўзимизнинг университетда бу соҳага кадр тайёрлашга киришилгани айни муддао бўлди.

Факультетда кундузги бакалавриатнинг икки йўналиши - "Даволаш иши" ва "Педиатрия иши" ташкил этилиб, ҳар бирига 25 нафардан - 50 йигит- қиз қабул қилинган. Орадан икки ойдан зиёдроқ вақт ўтиб, талабалар орасида аълочилар ҳам кўзга кўриниб қолишди. Яқинда уларни суҳбатга чорладик.

- Наманганда тиббиёт факультети очилар экан, деган хушхабарни эшитиб, ичимдан беҳад қувондим. Сабаби, нафақат менинг орзуимга етишишим, ундан кўраям, аҳамиятлиси, ўз шаҳ­ринг­да ўқиш, сарф-ҳаражатларимизнинг камайишидир. Талаба бўлиш - катта бахт. Фурсатдан фойдаланиб, устозим-кимё фани ўқитувчиси Адҳамжон Аҳмадовга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Болаларни жуда яхши кўраман, шунинг учун педиатр бўлишга қарор қилдим, - дейди тўрақўрғонлик Зилола Аҳмадшерова.

- Шифокорнинг ўрнини бошқа касб соҳиби эгаллай олмайди, шунчалик масъулиятлики, чуқур билим ва юқори малака зарур. Шуни англаб, роса астойдил ўқияпман Юрт­бошимизга раҳмат, ўз шаҳримизда факультет очилди ва шу туфайли орзуимиз ушалмоқда, - дейди Наманган шаҳрида яшовчи Диёра Усмонова.

Юқоридагидек мамнунлик туй­ғуларига йўғрилган сўзларни яратилган имкониятлардан фойдаланиб, оқ халатлилар сафига қўшилишни мақсад қилган Моҳларой Анварова, Бобуржон Раҳимбоев, Ҳусанбой Иномов, Абдулҳамид Эргашбоевлардан ҳам эшитдик. Қалби эзгу ниятларга тўла талабаларга ўқишда ва тиббий амалиётда қувончли муваффақиятлар тиладик.

Ойбек ОРТИҚОВ.