Маълумки, шу кунларда юртимизда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиш даври кузатилмоқда. Айниқса, боғча ва мактаб ёшидаги болалар ўртасида хасталикка чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан cезиларли даражада ошгани қайд этиляпти. Бу эса ўз-ўзидан болалар клиник шифохоналарига мурожаатлар сони ортишига ҳам сабаб бўлаётир.

ССВ Матбуот хизматининг юртимизда ўткир респиратор инфекциялар билан боғлиқ жараёнлар, умуман касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, тарқалиши ва кечиши ҳақидаги саволларига Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Динора ДЎСТМУҲАММЕДОВА жавоб берди.

- Ўткир респиратор касалликлар ўзи нима? Дастлаб шу ҳақида айтиб ўтсангиз.

- Ўткир респиратор касалликлар - ҳаво-томчи орқали юқиб, нафас йўлларининг турли қисмлари яллиғланиши ва интоксикация синдроми билан кечадиган вирусли хасталиклар гуруҳидир. ЎРК болаларда юқумли касалликлар умумий сонининг 90 фоизини ташкил этиб, уларнинг барчаси мавсумий характерга эга. Яъни, бу хасталиклар йилнинг бошқа даврларига нисбатан айнан куз-қиш мавсумида кўп учрайди. Бу гуруҳга бир неча касалликлар, хусусан, вирусли - грипп, парагрипп, аденовирус, ротавирус, энтеровирус, шунингдек, бактериал - пневмококк, менингококк, стафилококк кабилар киради.

- Биламизки, куз-қиш мавсумида болалар ўртасида ўткир респиратор хасталиклар кўп кузатилади? Бунинг сабаблари нимада?

- Дарҳақиқат, кунлар совиб, ҳаво бироз пасайиши билан ёш болалар ўртасида ЎРК кўп учрайди. Айниқса, 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар бу хасталик билан кўпроқ оғрийдилар. Боиси айни шу пайтда уларнинг иммун тизими сустлашиб, касалликка қарши курашувчанлиги сезиларли даражада пасаяди.

Қолаверса, айрим ота-оналар фарзандида касалликнинг катарал - бурун оқиш, аксириш, йўтал, бош оғриғи каби белгилари кузатилса-да уларни боғча ёки мактабга юборишга монелик қилмайди. Бу эса нотўғри. Боиси болалар бир-бири билан ўзаро мулоқотда бўлиши натижасида касалликнинг кенг тарқалишига замин яратилади. Яъни, юқорида таъкидлаганимиздек, ўткир респиратор касалликлар ҳаво-томчи орқали юқиши сабабли, вирус таначалари аксирганда ёки йўталганда 2-3 метргача тарқалиб, кўпчиликни зарарлайди. Шу боис вирусга чалинган болани алоҳидалаш ва уни якка тартибда даволаш лозим.

- Ўткир респиратор касалликлари болаларда қандай кечади? Унинг белгилари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

- Касалликнинг кечиши бола организми, хусусан, унинг иммун тизими билан бевосита боғлиқ. Яъни, айримларда хасталик енгил даражада ўтса, баъзиларда бирмунча оғирроқ кечади. Касаллик асосан тумов билан бошланади.

Кейинчалик бурун оқиши кузатилиб, даст­лаб шиллиқ, кейинчалик яшил бўлиб оқади. Шунингдек, йўтал, томоқ қичиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, катта болаларда томоқ оғриши, кичик ёшдагиларда эса томоқ қизариб, овқат ейишга қийналади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.