Хабарингиз бор, азалий анъанага кўра, ҳар йили саломатлик посбонларининг касб байрамида соҳанинг энг яхши мутахассислари аниқланади. Айни кунларда мамлакат миқёсида ташкилланган мазкур кўрик-танловнинг якунловчи босқичи бормоқда.
Маълумки, "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, 2021 йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилиниши муносабати билан ҳамда шифокорларнинг касбий билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришларини қўллаб-қувватлаш, самарали меҳнат қилиб, қатор ютуқларга эришиб келаётган врачларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар фаолиятини оммалаштириш, ўз касбининг моҳир эгалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танлови ўтказилмоқда.
- Ҳозир мазкур кўрик-танловнинг дастлабки саралаш босқичлари якунига етди. Унда тегишли Низомига мувофиқ, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда Республика тиббиёт марказларининг вилоятдаги филиалларида ишловчи шифокорлар фаол қатнашдилар. 34 та номинация бўйича 102 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланган. Айни пайтда улар орасидан энг муносиблари танлаб олиниб, кўрик-танловнинг республика босқичига тавсия қилинган, - дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев.
Эслатиб ўтамиз - "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танловининг ғолиблари жорий йил 14 ноябрь куни нишонланадиган "Тиббиёт ходимлари куни" арафасида эълон қилинади.