Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали жамоаси соҳа тараққиётини таъминлашда хориждаги етакчи тиббиёт марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қартамоқда. Чунончи, ҳозирга қадар Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси ва бошқа давлатлар кардиожарроҳлари билан биргаликда қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилган эди.
Бинобарин, ҳозирда коронар қон-томирларни стентлаш, периферик қон-томирларни стентлаш, электрокардистимуляторлар имплантацияси, юрак клапанлари вальвулопластикаси, юрак туғма нуқонларни окклюдерлар билан ёпиш (имплантацияси) каби мураккаб кам инвазив бўлган юқори технологияли операциялар муваффақиятли бажарилмоқда.
Энди арманистонлик тиббиётчилар билан ҳам истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ўтган ҳафтада Эрубуни миллий кўп тармоқли тиббиёт маркази Интервенцион кардиология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Меружан Сагателян вилоятимизга келди. Наманганлик кардиожарроҳлар билан таниқли шифокорнинг учрашуви ғоят самарали кечди. Меҳмон дастлаб вилоят кардиология марказида олиб борилаётган изланишлар, филиал салоҳияти билан танишди. Айниқса, РИКИАТМ вилоят филиалида ташкилланган маҳорат дарси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Илмий-амалий анжуманни филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов олиб борди. Доктор Меружан Сагателян Рентгенэндоваскуляр хирургия соҳасида "Юрак тож томирларини сурункали торайишларида мураккаб ангиопластика усуллари" ҳақида маъруза ўқиди. Таниқли кардиожарроҳ янгиликни кўп йиллик тажрибалари асосида талқин этишга ҳаракат қилди. Савол-жавоблар чоғида татбиқ этишга тавсия қилинаётган даволаш усулининг ўзига хос томонлари тўғрисида тушунча берилди.
Шу куни Арманистоннинг пойтахтидаги Ереван Миллий кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали ўртасида келгусида тажриба алмашиш, кадрларни ўқитиш ва ҳамкорликда жарроҳлик амалиётлар ўтказиш буйича Меморандум имзоланди.
- Бундан ташқари мураккаб қон-томирларни стентлаш, ретроград усули билан жигар ичи ўт йўлларида эндоваскуяр хирургик муолажалари, аорта, аорта аневризмаларида стент, стент графт қўйиш каби янги амалиётларни жорий этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган кардиологик хизматни янги босқичга олиб чиқмоқчимиз. Бу борада чет эллик мутахассислар тажрибасига таяниш ниятидамиз, - дейди филиал директори.
Абдулла ҒОЗИЕВ.