дейди Поп туманидаги 21-оилавий поликлиника мудири Малика Фазлиддинова.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12 ноябр­даги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизм­ларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида ғоят муҳим вазифалар белгилаб берилган. Жумладан:

"... аҳоли уларнинг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга (таянч, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳи ва бошқалар)га бўлинади;

аҳоли гуруҳ мансублигига кўра белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтади ва саломатлиги даврий кузатувга олинади", деб ёзиб қўйилган.

Санг қишлоғида жойлашган Пиллакаш, Гўзал, Боғ кўча ҳамда Ойбек ва Муқимий номли бешта маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатувчи мазкур оилавий поликлиника жамоаси қарийб бир йил давомида Фармонда қайд этилган вазифаларни ўз муддатида тўла-тўкис бажаришга астойдил ҳаракат қилиб келмоқда. 8 нафар врач, 27 нафар ҳамширанинг бутун-диққат эътибори халқ саломатлигини сақлаш учун тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимида касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, зарур даво чораларини қўллашга қаратилган.

Аввало, қишлоқ хонадонларида хатлов жараёни қисқа фурсатда талабларга мувофиқ амалга оширилгани эндиликда уларга жуда қўл кел­япти. Сабаби, қайси маҳаллада, қайси кўчада ва ҳатто қайси хонадонда аҳвол қанақалиги уларга ойнадай аён. Ҳеч ким хатловдан четда қолмаган. Кимнинг қандай хасталикка мойиллиги-ю, кимлар нечанчи гуруҳга мансублигигача врачу ҳамширалар яхши билишади, кундалик юмушлари аниқ ва равшан.

Улар 2300 нафар учинчи гуруҳга, 96 нафар тўртинчи гуруҳга мансуб беморлар билан яқин алоқа ўрнатишган. Бундай кишиларнинг саломатликлари доимий кузатувда. Айни маҳалда соғ­ломлаштириш тадбирларига навбатма-нав­бат жалб қилинишади. Чунончи, эндокрин хасталикларга чалинганлардан 38 нафари вилоят эндокринология шифохонасига жўнатилди. 2 нафари Тошкентдаги муассасага муолажага юборилди. 8 ёшли Умиджон Рўзибоев Республика тиббий реаблитация марказида соғ­ломлаштирилди. 50 ёшли Каримжон Мирзаевга вилоят кардиология марказида бепул даволаниш ордери ажратилди. Унинг юрак қон томирига стент қўйилди. 55 ёшли Марҳабо Йўлдошевада хусусий шифохона врачлари жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Салкам 60 ёшли Насиба Назарова, Муҳаммаджон Холиқовлар қандли диабетга қарши муолажалар олишди. Етти ёшдан етмиш ёшгача меҳр-эътибор қуршовида.

- Мия инсульти туфайли бир неча йил аввал оёқ-қўлим жонсизланиб қолганди, - дейди Адҳамжон ота Ҳайдаров. - Шунинг учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига юборишди, бепул даволандим. Аҳволим анча енгиллашди. Ҳатто уйимизга келишиб, соғлигимни текширишади. Керакли маслаҳатлар бериб кетишади. Поликлиника жамоаси хизматидан хурсандмиз. Бахтимизга барчалари омон бўлишсин.

- Поликлиникамиздаги 16 нафар патронажчиларимиз маҳаллалардаги барча хонадонларни тўла билишади, - дейди катта ҳамшира Муҳаббат Жумаева. - Уларнинг қадами етмаган бирорта уй йўқ. Халқимизга ҳалол ва фаол хизмат кўрсатиш бизнинг касбий бурчимиздир. Эътирофлардан кўнглигимиз яйрайди, касбимизга садоқатимиз янада кучаяверади.

Бу ердаги 10 ўринли кундузги стационарда врач Ботирали Қорабоев беморларни қабул қилади. Дилшода Юсупова билан Мадина Ҳакимжоновалар муолажалар олиб боришади. Натижада енгил касалга чалинганлар поликлиниканинг ўзидаёқ дарддан фориғланишади.

Энг муҳим тадбир - эмлаш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб қолаётгани учун бу масалага жиддий ёндашилмоқда. Зуҳрахон Эргашева билан Назокат Мелиқўзиева келувчилар танлаган вакциналари билан уларни юксак тиббий талабларга қатъий риоя қилган ҳолда эмлашяпти.

- Сайлов олдидан ўзимиз яна бир бор юқори гуруҳдагилар яшайдиган 2476 та хонадонга кирдик, - дейди поликлиника мудири Малика Фазлиддинова. - Тиббий кўрик ва ўрганув жараёнида мавжуд муаммоларни ҳам аниқладик. Ўз ўрнида ҳал этиш имкони бўлмаганларини туман ва вилоятдаги мутасаддилар эътиборига ҳавола қилдик. Бепул дори-дармонлар тарқатдик. Халқимизни хизматимиздан ризо қилиш барчамизнинг ягона мақсадимизга айланган.

Демак, санглик саломатлик посбонлари тиббий ислоҳотлар муваффақияти учун бундан буён ҳам янада астойдил жон куйдиришаверади.

Содиқ САЙҲУН.