Ўғлининг тоби қочиб, истимаси кўтарилганидан ташвишланган Муҳиба опа уни дарҳол яқин жойдаги оила поликлиникасига етаклади. Она-бола оила шифокорининг ҳузурига кирдилар. Шикоятлар билдирилди. Дастлаб, боланинг ҳарорати ўлчанди. Иссиқлиги 38. Уни тушириш тадоригини кўришди. Ҳамшира парацетамол ичирди. Ҳарорати пастлаган ўсмирнинг саломатлиги, танасида уни безовта қилаётган оғриқ сабаблари врач томонидан обдон текширилди. Беморнинг нафас йўллари яллиғлангани маълум бўлди. Шифокор муолажа учун дори-дармонларни ёзиб, амбулатор дафтарни онасининг қўлига тутқазди.

- Дўхтир, дори ёзиб бермайсизми?

- Ёздим опа. Цефазолин, дексаметазон, натрий хлорид, новокаин... Тиббий картангизни муолажа ҳамширасига берсангиз бўлди. Ўзи билиб даволашни бошлайди.

Муҳиба опа барибир ҳеч нарсани тушунмади. Дафтарини кўтариб муолажа ҳамшираси ҳузурига кирди.

- Қизим, врач укол-дори ёзиб қўйдим, - дедию қўлимга қоғоз бермади-я...

- Мана ёзиптиларку, - деди картани кўздан кечираркан ҳамшира. - Энди у даврлар ўтиб кетди онажоним, қўлингизга фақат поликлиникамизда йўқ дори-дармонлар ёзиб берилади, холос. Шифокор буюрганлари ҳозир ўзимизда бор.

- Хизматларингиз, укол-дорилар пулликми? - ҳайрон бўлиб сўради Муҳиба опа.

- Мутлақо бепул, онажон. Фақат дори-дармонлар уйингизга бериб юборилмайди. Ҳар куни шу ерга келиб, врач назоратида оласизлар.

- Ҳе - е, раҳмат, қизим, умрингиздан барака топинг!

- Холажон, Президентимиз ташаббуслари билан республикадаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларида 66 хилдаги дори-дармонлар одамларга бепул бериляпти. Жумладан, бизнинг поликлиникамизда ҳам. Шунинг учун ҳеч қандай тўловга ўрин йўқ.

- Юртбошимиз ҳам омон бўлсинлар!

- Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, қизим, илоҳим юртимизга, Юртбошимизга асло кўз тегмасин, оилаларимиз тинч бўлсин, - деди 65 ёшли Низомбой ота мамнунлик билан. - Набираларимни томоғи оғриб, истималаётганди. Уч кундан буён бепул дорилар бериб, уколлар қи­лиш­япти. Иккала набирамни саломатлиги яхшиланиб, иштаҳалари очилди. Дори-дармон харид қилиш бир навию, маҳалладан ҳамшира топиш қийин эди. Жуда хурсандмиз. Муаммога ўрин қолмади.

Албатта, ёзганларимиз муболаға эмас. Чуст тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 47-оилавий поликлиникасидаги жараёнларга гувоҳи бўлганларимиз, холос.

Маълумки, авваллари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор қабулига келган беморларга дори-дармонлар рецептга ёзиб берилар, бу ҳолат моддий имконияти чекланган оилаларга турли қийинчиликлар туғдираётганди. Айрим беморлар эса керакли дори воситаларини ўзлари билан олиб келишга ёки маҳалладан ҳамшира топишга қийналарди. Айниқса, сурункали хасталиги ва ногиронлиги бўлган шахслар учун бу жиддий муаммо эди.

Президентимизнинг жорий йил 25 майдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасининг комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида бирламчи тизимда беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш белгилаб қўйилган. Шу асосида бугун вилоятимиздаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига 40 турдан иборат дори 10 турдаги антисептик воситалар ҳамда 16 турдаги стоматология амалиётида қўлланиладиган сарфлов материаллари, жами 66 турдан иборат дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминланган.

Мазкур тиббиёт муассасасида 10 минг нафардан зиёд аҳолига 4 нафар оила шифокори, жарроҳ, акушер-гинеколог, стоматолог каби тор соҳа врачлари ва ЭКГ, УЗИ аппарати мутахассислари, 20 нафардан зиёд патронаж ва хона ҳамширалари тиббий хизмат кўрсатишмоқда.

Хоналари шинам ва ёруғ, замон талаблари даражасидаги оила поликлиникасида иш қизғин. Шифокору ҳамширалар яқин атрофдаги Баймоқ, Шербилак, Истиқлол, Дамобод маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидил адо этишмоқда.

- Аҳолининг бирламчи тизим шифокорига ҳам ишончи ортмоқда,- деди поликлиника мудири Барногул Раҳимова. - Дорилар беморларга амбулатор карта билан оилавий шифокор ёки тор доирадаги мутахассиснинг тавсиясига кўра бериляпти. Энг қулай томони муолажалар муассасанинг ўзида бажа­риляпти. Мазкур дори воситаларига кунлик қатнов ва аҳолининг эҳтиёжига қараб буюртма беряпмиз. Уларни қабул қилиш, сақлаш ва ишлатиш ҳолати белгиланган тартибга амал қилинган ҳолда бажа­риляпти.

Аҳолининг барча қатламига бепул дори-дармонларнинг берилаётгани эса шифокор қабулига ўйланибгина бораётган беморларнинг кайфиятини кўтараётгани табиий.

- Шу кунларда ҳудудимиз аҳолиси орасида, айниқса, болаларда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши, томоқ оғриғи, грипп, ЎРВИ касаллиги билан мурожаат қилувчиларнинг сони бироз кўпайган, - дейди оилавий шифокор Раимжон Деҳқонов. - Давлат бюджети ҳисобидан берилаётган дори-дармонларни кунлик қатновдаги беморлар саломатлигини тиклаши учун укол, шамча ёки таблетка ва бош­қа кўринишларда тавсия қиляпмиз. Муолажаларни назоратимизда олишаётгани уларни тезроқ соғайиб, оёққа туришларида муҳим омил бўлмоқда.

Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд инсонларнинг қалбида шукроналик туйғуси мавжланган. Буни айниқса 3- ва 4- хавф гуруҳга кирувчи юрак қон-томир, эндокринологик, онкологик, буйрак ва бошқа сурункали ҳасталикка чалинган инсонларнинг қайта-қайта миннатдорлик изҳорлашаётгани яққол кўрсатиб турибди.

Манзура ЭРГАШЕВА.