Кейинги пайтда болаларнинг ҳам коронавирус инфекциясига чалинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқаляпти. Бу ташвишли ҳолат ҳеч кимни бефарқ қолдирмагани табиий. Чунки фарзандлар оиламиз қувончи, юрт келажаги. Уларни асраб-авайлаш, жисмонан соғлом, ақлан етук қилиб тарбиялаш давлат ва жамиятнинг, қолаверса барчанинг бурчидир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан ота-оналар ва васийларнинг розилигига кўра 12 ёш ва ундан катта болаларни коронавирус инфекциясига қарши Pfizer/BionTech вакцинаси билан эмлашга рухсат берилган эди.

Сентябрнинг охирги кунларидан бошланган болаларни вакцинациялаш тадбирлари барча ҳудудлардаги ташкил қилинган эмлаш пунктларида амалга ошириляпти.

Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 10-оилавий поликлиникасида ҳам вакцинация жараёнларига жиддий киришилган. Бугун тиббиёт ходимлари нафақат катта ёшдагиларни, балки болаларни ҳам вакцинация билан қамраб олиш ҳаракатидалар.

- Келажагимиз ворисларини ота-оналарининг розилиги билан эмлаяпмиз. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсам, уларнинг ўзлари ҳам ушбу вазифага беэътибор бўлишмаяпти, - дейди поликлиника мудири Гулсора Мирзаева. - Биринчи нав­батда болалар оила шифокорининг тиббий текширувидан ўтказиляпти. Сўнг врач рухсат берган ҳолатдагина эмланяптилар. Ҳозиргача беш юз нафарга яқин болаларга вакцина қўлланилди. Уларнинг саломатлигида бирор ножўя таъсирлар кузатилмади. Шикоятлар келиб тушмади.

Ота-оналару бобою-бувиларнинг фарзанду набираларини ўз вақтида эмлаш пунктларига олиб боришаётгани ниҳоятда қувонарли. Қорашаҳар, Қозоқовул, Янги Гулбоғ, Алами маҳалла фуқаролари йиғинлари аҳолиси фаоллик кўрсатишяпти.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, поликлиникадаги эмлаш пунктидан ташқари тиббий бригадалар таълим муассасаларидаги ҳамширалар билан биргаликда иш олиб боришмоқда.

- Ўғлим Элбек 26-мактабнинг 6-синфида ўқийди, - дейди Маҳбуба Ҳанафияева. - Мактаб ҳамшираси тушунтириш ўтказди. Қайнонам, турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, биринчилардан бўлиб боламни эмлатдим. Иситма ва бошқа безовталиклар бўлмади. Эндиликда унинг саломатлигидан хотиржаммиз.

Вакцинация жараёнларида оила шифокорларидан Юлдуз Жумаева, Вера Кинзибулатова, вакцинаторлар Ўғилча Раҳмонова, Эргашхон Абдулазизовалар айниқса фаол бўлишяпти. Патронаж ҳамширалар Барно Йигиталиева, Гулнора Парпиева, Мафтуна Ҳолдарова, Гулбаҳор Ортиқматова, Шоира Тоштемировалар, мактаб ҳамшираларидан Наргиза Якубова, Умида Иззатиллаева, Зулхумор Эргашева, Зулхумор Намозоваларнинг бу борадаги ҳамкорлиги яхши самара беряпти.

Манзура ЭРГАШЕВА.