(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида ҳам диққатга лойиқ ишлар рўёбга чиқариляпти. Чуқур билим ва етарли малакага эга мутахассислар беморларда юқори технологик амалиётлар ўтказишмоқда. Бунгача ҳам Чуст, Поп, Янгиқўр­ғон, Чортоқ, Уйчи туманлари ва Наманган шаҳри тиббиёт бирлашмаларида "Темир дафтар"га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ўз ҳудудларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга жалб этишган эди. 18 нафар бемор керакли операциялардан баҳраманд бўлди. Туманларда кам инвазив амалиётлар кўпайтирилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган терапия ва реаблитация илмий-амалий тиббиёт маркази филиал мутахассислари билан биргаликда шу ерда даволанаётган 10 нафардан зиёд оғир тизимли бириктирувчи тўқима касалликлари борлар ва муаммоли беморларга "ZOOM" платформаси орқали онлайн маслаҳатлар беришни йўлга қўйди. Энг муҳими, Чуст ва Поп туманлари шифохоналарида муолажа олаётган оғир, юқори фаолликка эга бўлган тизимли касалликларни "Пульс терапия" усулида даволаш жорий қилинди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази филиалидаги ишлар ҳам диққатга сазовор. Филиалда марказ мутахассислари билан ҳамкорликда чаноқ сон бўғимини протезлаш бўйича 19 та, умуртқа поғонасида 6 та, найсимон суякларни "БИОС" усулида 10 та, остеосинтезлаш 19 та ва оёқ кафт ошиқ бўғинларида реконструктив 17 та амалиётлари уддаланди. Шунингдек, аҳолининг кам таъминланган қатламидаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикда аниқланган 17 нафар беморларда филиал мутахассислари юқори технологик амалиётларни муваффақиятли бажаришди.

Аллергология йўналишидаги филиал жамоаси фаолияти тобора кучайтирилмоқда. 100 дан зиёд кам таъминланган кишилар ихтисослашган текширувдан ўтказилган бўлса, шулардан 14 нафари РИАИАТМ га ордер билан юборилди. Марказ мутахассислари Наманганга ташриф буюришиб, аллергологияни долзарб масалаларига бағишлаб 3 марта семинар-тренинг уюштиришди.

Неффрология йўналишидаги филиал фаолияти ҳам чакки эмас. Марказ билан биргаликда нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантациясига бағишлаб бир неча бор семинар машғулотлар ташкилланди. Ҳозирда вилоятимизда 268 нафар бемор амбулатор равишда гемодиализ сеанси олиб даволанмоқда. Буйрак етишмовчилигидан озор чекаётганлар сони 682 тага етди. Айни пайтда яна қўшилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, нефрология соҳасидаги ўринларни кўпайтиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Ҳали режалар бир талай. "Телемедицина"ни йўлга қўйиш долзарб масалага айланиб бормоқда. Ёш кадрларни илмий ва амалий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Мақсад халқ саломатлигини сақлашни жаҳон андозалари даражасига кўтаришдир.

Баҳодир РАҲИМОВ,

НВКТТМ бош врачи

вазифасини бажарувчи