Бугун пневмония касаллиги кўпчилигимиз учун яхши таниш. Боиси, сўнгги пайтларда бу хасталикка чалиниш бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам кўп кузатилмоқда. Афсуски, ушбу касаллик болаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада? Пневмония ёш болаларда қандай кечади? Белгилари ва даволаш усуллари нималардан иборат?

ССВ Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат ШАМСИЕВга мурожаат қилди.

- Сўнгги пайтларда болалар ўртасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бунинг асосий сабаблари нимада? Дастлаб шу ҳақида айтиб ўтсангиз.

- Дарҳақиқат, бу йил юртимизда ёш болалар ўртасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари сони бирмунча ортди. Буни эса бутун дунёдаги пандемия ҳолати, қолаверса, "COVID-19" инфекциясининг янги штаммларининг пайдо бўлиши ва бу штаммлар бевосита болаларда ҳам кўп учраётгани билан боғлаш мумкин.

Бундан ташқари, болаларда ўпка касалликларининг ортишига яна бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Жумладан, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган вирусли инфекциялар кўпайган вақтда болани шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслиги, ҳимояловчи воситаларни тўғри ишлатмаслиги уларнинг ушбу хасталиклар билан касалланишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга, ота-оналар томонидан фарзандини уй шароитида грипп ва ўткир респиратор касалликлардан ўзбошимчалик билан даволаши, бемор бўлса-да ўғил-қизларини боғча ёки мактабга юбориши ва бу орқали бошқа соғлом болаларга инфекцияни юқтиришга шароит яратиши, болада сурункали инфекция ўчоқларини вақтида бартараф этилмаслиги, нотўғри овқатлантириш, боланинг руҳий зўриқиши, жисмонан чиниқмаганлиги, кам ҳаракатлиги, узоқ вақт ёпиқ хоналарда ўтириши ҳамда вирусли касалликлар эпидемияси вақтида вакцинация қилинмаслиги ҳам касалланишлар сони ортишига сабаб бўляпти.

- Пневмония болаларда қандай кечади? Белгилари, ташхис ва даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

- Пневмония катталарга нисбатан болаларда бир мунча оғирроқ кечади. Сабаби, уларда иммун тизими яхши ривожланмаган, шу боис ҳам болаларда тана ҳарорати кўтарилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда ота-онадан зийраклик талаб этилади.

Шунингдек, болаларда мукоцилиар клиренс яхши ривожланмагани ҳисобига, унда дастлаб қуруқ йўтал, сўнгра, инфекциянинг тезда ўпкага ўтиш ҳолатлари кузатилади. Ўпка аускультациясида қуруқ ва нам хириллашлар эшитилади.

Болада ушбу касаллик аломатлари аниқланганда албатта шифокорга мурожаат этиш шарт. Чунки пневмония касаллиги ЎРВИга нисбатан узоқ давом этадиган касалликдир.

Ўпкадаги яллиғланиш жараёнини аниқлаш мақсадида турли хил текширувлар олиб борилади: қон, сийдик таҳлили, қонда С-реактив оқсил, прокальцитонинни аниқлаш, кўкрак қафасининг рент­генографияси шулар жумласидандир.

Пневмония касаллигида қўлланиладиган дори воситалари турли ва мураккаб характерга эга бўлиб, хасталикнинг сабабларини енгишга (этиотроп терапия), касаллик аломатларини йўқотишга (симптоматик терапия), шунингдек, тана аъзолари тизимини тиклашга (ёрдам берувчи терапия) қўлланилади.

Шу билан бирга, касалликни даволаш учун гипоаллерген парҳез, кислород терапия, ҳавони нам­лантириш ва хонани шамоллатиш, витамин Д, иммуноцинк, вирусга қарши, муколитик ва бал­ғам ажратувчи дори воситалари, кўрсатмага биноан антибактериал даво, периферик қон айланишни яхшиловчи дорилар, оғир ҳолатларда иммуноглобулин G каби муложалар олиб борилади.

Муайян касалликни даволаш учун дори воситалари индивидуал танланади ва беморнинг ташхисига, умумий аҳволига қараб фақат шифокор томонидан белгиланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.