Инсоннинг тансиҳатлиги энг катта бойлигу, ҳузур-ҳаловатнинг тўкислиги ҳисобланади. Бундай ҳолатнинг барқарорлигини ушлаб туриш нафақат ўзига, балки врачу ҳамшираларнинг малакали тиббий кўмагига кўпроқ боғлиқ. Афсуски, илгари вақтларда халқимиз ҳаёти ҳозиргидай кафолатли тиббий хизмат билан муҳофазаланмаган эди. Ўтган асрнинг биринчи чорагида бошқа жойларда бўлгани каби Наманган тумани ҳудудидаги қишлоқларга ҳам давлат тиббий хизмати деярли етиб келмаганди. 1929 йилдагина Шўр­қўрғонда Мақосимҳожи тиббий ёрдамхона очган. Унда рус фельдшери Красильников аҳволи ёмонлашганларга қараган, дори топиб бериб, зарурият туғилса, укол қилиб турган. Ниҳоят 1935 йилда туман ташкиллангач, ўзининг соғлиқни сақлаш бўлимигаям эга бўлди.

Лекин дастлаб маҳаллий аҳоли ичида ўрта ва олий маълумотли кадрларнинг йўқлиги тизимни тузукроқ ривожлантиришга имкон бермади. Кейинроқ аста-секин тиббиёт техникумлари, институтлар таҳсилини олган ёшлар оқ халатлилар сафини ташкил қилишди. Соғлиқни сақлаш бўлими ишини 1935 йилдан Иккинчи жаҳон уруши тугагунча фельдшерлардан Латифов, Набиев, Бурнашев, Аҳмедов, Тошпўлатов ва бошқалар юритишди. Кейинчалик туман бош врачлигини қуйидаги кишилар: 1944-1946 йилларда В.И.Ленликов, 1946-1948 йилларда Ф. Лутфиллаев, 1948-1956 йилларда А.Алиев, 1957-1963 йиллада Ҳ.Шерғозиев, 1968-1979 йилларда М.Х.Холмирзаев, 1979-1985 йилларда А.Давронов, 1985-1995 йилларда яна М.Х. Холмирзаев бажарди. Истиқлол йилларида Э. Нишонов, К. Тўрабоев, Ш.Қосимов, Б.Дарвешев, Б.Сиддиқов, У. Ботировлар туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини уддалашди.

Эътибор берган бўлсангиз Мирзараҳмат Холмирзаев икки маротаба ўн бир-ўн йиллаб юксак масъулиятли раҳбарликни адо этган. Демак, ўша йиллар тарихи у кишининг фаолияти билан бевосита боғлиқ. Шуни ҳисобга олиб, тиббиёт тараққиётига доир мухтасар маълумотларни ойдинлаштириб кетамиз. 1968 йилда Тўрақўр­ғон тумани ҳам Наманган тумани таркибида бўлиб, маркази Тўрақўрғонда жойлашганди. Ўша йили Мирзараҳмат акани туман маркази шифохонасига бош врач этиб тайинлашди. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 1970 йилнинг охирларида қайтадан Наманган вилояти ташкил этилиши муносабати билан янгитдан Тўрақўрғон тумани ажралиб чиқди. Энди Наманган тумани маркази дастлаб Олвализор қишлоғига, кейинчалик Тошбулоққа кўчирилди. Доимо мослаштирилган биноларда ишлашга мажбур бўлган туман шифохонасининг янги лойиҳасини тайёрлатиш ва замон талабларига жавоб берадиган ҳолатда зарур бинолар қуриш учун имконият туғилган эди. Бундан бош врач Мирзараҳмат ака самарали фойдаланиб қолишга астойдил интилди. 1974 йилда Республика Ми­нистрлар Советининг қарори билан Тошбулоқдан туман марказий касалхонаси қуриш учун беш гектар ер ажратилди. 1979 йилгача лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга эришилгач, қурилиш жадал бошлаб юборилди. Орада даволаш-профилактика ишларини юқори савияга кўтара оладиган, тиббиёт муассасалари қурилишида кўзи пишган тажрибали мутахассис М. Холмирзаев Наманган шаҳри таркибида янги ташкилланган Давлатобод тумани соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарлигига ўтказилди.

Олти йилдан сўнг уддабурон бош врач яна ўз туманига қайтарилди. Чунки, туман шифохонаси қурилишини Мирзараҳмат ака бошлаган бўлсада, 1985 йилга келиб ҳам ҳали кўпгина бинолар бунёд этиш якунига етмаганди. У даволаш ишларини яхшилаш билан касалхона қурилишини жадалатишни узвий қўшиб олиб боришга эътиборни кучайтирди. 1985-1989 йилларда 60 ўринли туғруқхона, болалар, аёллар касалликларини даволаш бўлимлари қурилиб фойдаланишга топширилди. 1990 йилда эса бир кунда 380 беморни қабул қиладиган марказий поликлиника бунёд этилди.

Мамлакатнинг мустақилликка эришиши Мирзараҳмат Холмирзаевдек ташкилотчи, ташаббускор раҳбарлар учун янада кенг имкониятлар очиб берди. 1993-1994 йилларда уч қаватли 60 ўринли жарроҳлик бўлими, икки қаватли реанимация бўлими тикланди ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 2200 метр чуқурликдан шифобахш сув чиқарилди. Хуллас, туман шифохонаси комплекс даволаш масканига айлантирилди.

2016 йилга келиб, давлат инвестиция дастурига мувофиқ уч йиллик қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлашнинг биринчи босқичига якун ясалди. Бу билан шифокорларга даволаш-профилактика ишларини юксак талаблар даражасига кўтариш борасида янада қулай имкониятлар яратиб берилади. Бош врач Ботиржон Дарвешев даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Турсунов, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бў­йича ўринбосари Мирзамаҳмуд Мўмитдинов, марказий поликлиника мудири Нодира Қосимова ва қишлоқ врачлик пунктлари координатори Абдувоҳид Худойбердиевлар билан биргаликда халқ саломатлигини сақлашга сафарбар этилган 166 нафар врачу 1125 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолиятини фаоллаштириш учун кечаю кундуз астойдил қайғурди. Шошилинч тиббий ёрдам бўлимини Тоҳиржон Фазлиддинов, терапия бўлимини Дилфуза Абдураҳимова, жарроҳлик бўлимини Бахтиёр Назаров, болалар бўлимини Алоҳиддин Мадраҳимов, туғруқ комплексини Малика Воҳидова, юқумли касалликлар бўлимини Сайфиддин Салоҳиддинов, тез тиббий ёрдам станциясини Фахриддин Насриддинов каби чуқур билимли ва юқори малакали врачлар бошқариб боришди.

Туманда 19 та врачлик пунктлари эшиклари аҳолига очиб қўйилган эди. Уларнинг кичик жамоалари халқ саломатлигини сақлашда катта ишлар амалга ошириш ҳаракатида бўлишди.

Бугун ортга назар ташлар эканмиз, бутун умрини тиббиётга бағишлаган фидоий инсонларнинг сиймолари кўз ўнгимиздан ўтади. Беихтиёр орамиздан кетганларни даставвал ёдга оламиз. Ҳамидулла Содиқов, Орифхон Собирхонов, Дўстмат Қодиров, Авазбек Темиров, Ёқубжон Комилов, Тошканбой Эргашев, Аҳмаджон Юсупов, Каримжон Ҳакимов, Азизбек Раҳмонов каби врачлар, Замира Обидова, Донохон Мўминова, Нигора Солиева, Мукаррам Маликова, Шоҳида Мадраҳимова, Мажидхон Раҳмонов, Тошпўлат Юсуфжонов сингари ҳамшира, фельдшер ва дояларнинг номларини эслаймиз. Улар кўпчиликнинг олқишини олган ажойиб тиббиётчилар эдилар.

Узоқ йиллик самарали хизматларидан сўнг пенсияга чиқиб, кексалик гаштини суриб юрган пиру бадавлат отахон ва онахонлар ҳам талайгина: Маҳмуджон Норматов, Холпошша Норматова, Атика Қаҳҳорова, Зумрадхон Назарова, Олимжон Убайдуллаев, Зокиржон Ғаффоровлар ана шулар жумласидандир.

Тиббиётчилар сафида ҳозир ҳам ёши улуғ касбдошларнинг борлиги беҳад фахр­лидир. Ахир улар кўп йиллик тажриба соҳиблари, ёшларнинг устозлари-ку. Шу боис, юқори билим ва малакаларини ҳамон эл саломатлигини сақлашга сарф этмоқдалар. Ёнларидаги ўринбосарларига ўргатишдан ҳам асло чарчашмаяпти. I-даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳиби педиатр Алоҳиддин Мадраҳимов болалар бўлими жамоасига бош-қош. I, II-даражали "Соғлом авлод учун" орденлари соҳибаси гинеколог Ширмоной Мамадумарова УТТ аппарати билан қиз ва аёллар хизматида. Эргашбой Ғаниев, Тоҳиржон Жўраев, Абдувоҳид Мирзалибоев, Зоҳида Асрақуловаларга ўхшаган касбига ғоят садоқатли педиатр, хирург, фтизиатр ва гинекологлардан ҳануз беморлар миннатдор бўлишмоқда. Бош ҳамшира Санобар Қодирова ҳамкасбларининг гўёки онаси, энг яқин маслаҳатчиси мақомига эришган.

Сўнгги беш йилликдаги ўзгаришлар давомли ислоҳотлар шарофатидан, албатта. Агар қисқача шарҳласак ҳам кенг қамровли тадбирларнинг мавсумийликдан изчилликка айланиб бораётганлигини сезишимиз қийин эмас. Чунончи, жорий йилнинг ўзидаёқ Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказлашган маблағлари ҳисобидан 520 миллион сўмлик энг замонавий русумдаги 5 та ультра товушли текшириш ҳамда 45 миллион сўмлик элекрокардиограмма аппаратлари келтирилди. Улар оилавий поликлиникаларга берилди. Бу билан бирламчи тизим ишларининг янада самарали бўлиши таъминланмоқда.

Хатлов чоғида аниқланган касаллиги бор беморларни даволаш жараёнини муваффақиятли амалга ошириш чоралари ўз вақтида кўриб борилмоқда. Яъни улар Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг вилоят филиалларида ва Республика даражасидаги шифохона-клиникаларида соғломлаштиришга йўналтириб келинмоқда. Энг қувонарлиси, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий - амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази директори Азамат Юсуповлар февраль ойида туманга ташриф буюришди. 53 та маҳаллада мутахассислар томонидан аҳоли саломатлиги ўрганилди. Хасталиклари аниқланганлар босқичма-босқич даволанмоқдалар.

"Бор меҳримиз шу ватан, шу халқ учун!" шиори остидаги акцияда "Темир дафтар"­даги 9 нафар беморда олим-шифокорлар томонидан юқори технологияли операция­лар ўтказилди. "Аёллар дафтари"даги 280 нафар хотин-қизларда чуқурлаштирилган тиббий кўрик амалга оширилди, ке­йин эса дарди борлар соғломлаштиришга жалб қилиндилар.

Ҳозир туманда марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника, 5 та оилавий поликлиника ва 4 та оилавий шифокорлик пункти фаолият юритмоқда. Уларда 153 нафар врач ҳамда 1118 нафар ўрта тиббиёт ходим ишлаяпти. Кўпсонли саломатлик посбонларига Равшанбек Темиров раҳнамо. Унинг ёнида даволаш бў­йича ўринбосар Баҳриддин Пўлатов, оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосар Мирзамаҳмуд Мўмитдинов, ташкилий-услубий бўлим мудири Юлдошали Отақуловлар ўз вазифаларига виждонан ёндашиб, даволаш-профилактика ишлари муваффақиятини таъминлаш учун ҳамиша астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Патронаж хизмати тобора такомиллаштирилаётир. Эмлаш тадбирлари муттасил давом эттириляпти. 11, 12, 13, 14, 15-оилавий поликлиникалар Маннонжон Турсунов, Нодира Юрданидзе, Маҳмуда Юлдашева, Абдурашид Азизов, Ҳафиза Боймирзаева, Гулдиров, Бешкапа, Қаракўл, Боғишамол оилавий шифокорлик пунктлари Муҳаммаджон Обиджонов, Азизбек Исоқов, Ҳурматой Халилова ва Марҳабо Охуновалар раҳбарлигида иш олиб бормоқда. Ягона мақсад - халқ саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш. Бунинг учун патронажчиларнинг қадамлари хонадонлардан узилмаяпти. Аҳолидаги касалликлар эрта аниқ­ланяпти, кечикмасдан муолажалар олишга йўналтириляпти. Фақат коронавирусга эмас, балки барча юқумли инфекцияларга қарши мунтазам курашилмоқда. Тиббий тарғибот таъсирчанлигига эришишга эътибор кучайтирилмоқда.

Наманган тумани тиббиётчилари доимо вилоятда юқори ўринни эгаллаш ҳаракатига одатланганлар. Ўйлаймизки, бундан буён ҳам шу шарафли ҳолатнинг бардавомлиги таъминланаверади.

Содиқ САЙҲУН.