Тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар жараёнида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш тизими фаолиятига мутлақо янги механизмлар жорий этилмоқда. Тиббий хатлов якунлари асосида олиб борилаётган изчил ишлар шулар жумласидандир.
Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан жорий йилнинг 4 октябридан 20 октябригача «Профилактика ва соғломлаштириш кунлари»га старт берилган эди.
Амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида юртдошларимизнинг саломатлик кўрсаткичлари яхшиланиб бормоқда. Фаолият сифати ва самарадорлигини янада ошириш омиллари нималардан иборат?
Чуст тумани Маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова ва Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одиловалар иштирокида "Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг 2021 йил 4-чорак ҳамда 2022 йил учун белгиланган йўл харитаси" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Интерфаол тарзда кечган тадбирда татбиқ этилаётган янги механизмларнинг устувор йўналишлари изоҳлаб берилди. Оила шифокори нуфузини кўтариш, соғлом турмуш тарзини қарор топшириш, саломатлик кўрсаткичларини яхшилашда жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлигини таъминлаш ва бошқа масалаларга эътибор қаратилди.
Семинарда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, уларнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари, координаторлар, катта ҳамширалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев қатнашди.