Бу ҳақда мутахассис изоҳ берди
Аслида COVID-19 инсон хотирасини сусайтириши ҳақида аввал ҳам эшитгандик. Аммо бу жараённинг келиб чиқиш сабаблари, қандай кечиши ва асоратлари кўлами кўпчиликка қоронғу эди. Шу боис россиялик невропатолог Н. Бояринованинг "Известия" нашрида эълон қилинган бу борадаги хулосалари кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Мутахассиснинг айтишича, коронавирус мия тузилмаларига зарар етказади, уйқу, безовталик ва бошқа касалликларни келтириб чиқаради. Қолаверса, COVID-19 узоқ муддатли стресс манбаи ҳамдир. Шу сабабли бу хасталикни бошдан кечирганларда тушкунлик, безовталик кучайиши, хотира ва бошқа функциялар бузилиши кузатилмоқда.
"Стресс ва хавотир миянинг кортикиал қатлами, узоқ муддатли хотирага масъул бўлган гиппокамп қисми кичрайиши ҳамда нейронлар зичлиги пасайишига сабаб бўлади, - дейди невропатолог. - Бу тиббиётга доир дарсликлар ва илмий мақолаларда ҳам қайд этилган".
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, коронавирус бурун бўшлиғидаги ҳид билиш рецепторлари орқали асаб тизимига киргач, миянинг турли тузилмаларига бевосита зарар етказиши мумкин. Улар орасида лимбик тизим, гипоталамус, мия устунида жойлашган нафас олиш маркази ва бошқалар мавжуд.
Шунга яқинроқ хулосани аввалроқ россиялик психиатр Андрей Назаров ҳам айтганди. У коронавируснинг қисқа муддатли асосратлари ҳақида гапириб, CОVID-19 тушкун кайфият ва сурункали чарчоққа сабаб бўлишини таъкидлаганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.