Фуқароларнинг давлатдаги сиёсий фаоллиги сиёсий ҳуқуқларда ифодаланади. Сайлов фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқи ҳисобланиб, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари тизимидаги энг долзарби саналади.

Ҳозирги даврда демократик сиёсий тартиб жорий қилинган мамлакатлар сиё­сий-ҳуқуқий тизимининг асосий қоидасига айланган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи ўзининг узоқ ўтмишига эга. Мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар сайлов ҳуқуқини амалга оширишда ҳам кўзга ташланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши, унда овоз бериш тартибларининг сайловчиларга қулай тартиблари жорий этилганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, хориждаги фуқароларимизнинг муддатидан олдин ва турган жойида овоз бериш ҳуқуқи қонуний мустаҳкамланганлиги бунга мисол бўлади.

Сайловларни ташкил этувчи комиссия­лар сайловчилар рўйхатини уйма-уй юриб аниқлаштириш вақтида ногиронлиги бўлган сайловчилар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаштиришлари бўйича кўрсатмалар берилган.

Ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг рўйхатини тузиш, турган жойларида овоз беришини ташкил этиш чораларини кўриши белгиланган.

Пандемия шароитида ўтказилаётган Президент сайлови бўйича Марказий сайлов комиссияси мутасадди саналадиган тиббий ташкилотлар билан ҳамкорликда янги йўриқнома ишлаб чиқди.

Ушбу 1104-сонли йўриқномага кўра, коронавирус инфекциясидан уй шароитида даволанаётган сайловчининг турган жойида, яъни яшаш манзилида овоз беришини ташкил этилади. Бунда, участка сайлов комиссияси сайловчи учун алоҳида ҳимоя воситалари тўпламини тайёрлайди.

Целлофан пакетга тиббий ниқоб, тиббий қўлқоп, участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси томонидан имзоланган, муҳр билан тасдиқланган сайлов бюллетени солинган тўпламда бўлиши керак.Участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси шахсий ҳимоя воситалари билан ҳимояланган ҳолда кўчма сайлов қутисини дезинфекциялаб, сайловчининг турган жойига боради.

Сайловчи ва комиссия аъзолари ўртасида ижтимоий масофа сақланган ҳолда сайловчининг шахси аниқланади, сўнг комиссия аъзоси сайловчига целлофан пакетга солинган тўпламни ва имзо қўйиши учун сайловчилар рўйхатидан кўчирмани беради.

Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхатидан кўчирмага имзо қўяди. Сайловчига яширин овоз бериш ҳуқуқи таъминланади. Шундан сўнг, сайловчи сайлов бюллетенини кўчма сайлов қутисига ташлайди.

Овоз бериш амалга оширилганидан сўнг комиссия аъзоси кўчма сайлов қутисининг қисмлари (юза, ён ва дастак)ни дезинфекциялайди.Бу вақтда ҳозир бўлган кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари шахсий ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши шарт.

Коронавирус инфекциясидан стационар даволаш муассасаларида даволанаётганлар ва ушбу масканларнинг ишчи-ходими бўлган сайловчиларнинг овоз беришини ташкил этиш учун ушбу муассасаларда сайлов участкалари тузилиш мумкин. Яширин овоз беришни ташкил қилиш учун ушбу тоифадаги биноларда кўчма овоз бериш кабиналаридан фойдаланилади.

Ушбу муассасаларда ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш мазкур муассасаларнинг ички тартиб-қоидаларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Санитария қоидалари ва меъёрлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилади.

Демократик давлатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари таъминланиши белгиланган. Мамлакатимизда ҳам ҳар қандай шароитда сайловчиларнинг овоз беришлари учун шарт-шароит яратилмоқда.

Фуқароларимиз олдидаги асосий масъулият эса, ўз сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва фаол сайлов ҳуқуқларидан фойдаланиб, фарзандларининг фаровон келажаги учун овоз беришлари ҳисобланади.

Озодахон ЧУБОЕВА,

6-Наманган округ сайлов

комиссияси раиси ўринбосари.

Дилором САЙФИТДИНОВА,

6-Наманган округ сайлов

комиссияси аъзоси.