Юқишининг асосий манбаи шу касалликка чалинган ҳайвонлар ҳисобланади. Кўпроқ қаровсиз қолган дайди ит ва мушуклар, шунингдек, бўри, тулки, чиябўрилар тарқатади.

Эсда тутинг! Қутурган ҳайвон сўлаги касаллик юзага чиқмаган яширин давридаёқ юқумли бўлади. Шу сабабли одамлар ҳайвоннинг касал эканлигини билишмайди. Агар ўша ҳайвон тишласа, терига ҳамда кўз, бурун, оғиз, томоқ шиллиқ пардаларига сўлаги тегиши билан ҳам юқади.

Жароҳатнинг танани юқори қисми, юз, бўйин, қўл, панжа ва қоринда бўлиши яширин кечади-ю тез ривожланади. Агар жароҳат оёқда кузатилса, яширин даври бироз узоқроқ давом этади. Вируслар кўпайганда тана ҳарорати бироз кўтарилади, зирқираб оғриш бошланади. Кейин касалликнинг энг оғир қўзғалиш даври бошлади.

Беморда васвасалар пайдо бўлади, кўзига қўрқинчли нарсалар кўринади, бесаранжомлик, тажовузкорлик тус олади. Бу пайтда у ғайритабиий кучга тўлиб кетади. Ташқи қиёфаси ёввойи тус олиб, атрофдагилар учун ўта хавфли бўлади. Қутурган бемор уларга ташланиб, тирнаши, тишлаб олиши мумкин. Ҳаво етишмайди, ютиниш қийинлашади. Оғзидан кўп миқдорда сўлак оқа бошлайди. Сув ича олмайди, сувни кўрганда ёки шилдирашини эшитганда ютиниш мускуллари тиришиб- тортилиши янада кучаяди. Охирида мушакларнинг фалажланиш даври бошланади. Фалажланиш эса ҳаётдан кўз юмишига олиб келади.

Шунинг учун хонадонлардаги итларни албатта қутуришга қарши эмлаш шарт. Дайди итларни йўқотиш, болаларни итлар билан ўйнашга йўл қўймаслик керак. Ҳайвон ёки одамни ит тишласа албатта ветеринарга учраш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва шифокор назоратида бўлиш лозим. Ит тишлаган жойни янги хўжалик совуни билан ювиб, атрофига йоднинг спиртли эритмаси ёки спиртнинг 70 фоизли эритмасини суркаш тавсия этилади. Қутуришга қарши эмлаш зарур. Бу бепул амалга оширилади.

Иброҳимжон АКРОМОВ,

РС ва ТСИ вилоят филиали СТМ бўлим мудири.

Ранета АБДУВАЛИЕВА,

бўлим ҳамшираси.