Аввалроқ мамлакатимизда биринчи бўлиб буйрак кўчириб ўтказишдек мураккаб жарроҳлик амалиёти Наманган вилоятида муваффақиятли бажарилган эди

Жорий йил бошидан буён вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг жарроҳлик бўлими негизида ташкил этилган академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида олти нафар беморда буйрак трансплантацияси амалга оширилиб, дарддан халос қилингани ғоят қувонарли ҳодиса. Хориж мамлакатлари у ёқда турсин, ҳатто Тошкентга ҳам бормай Наманганнинг ўзида саломатлиги тикланаётган беморлар ва уларнинг яқинларини қувончи чексиз. Ҳозирда улар шундай шароит ва имкониятлар яратган Президентга ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига миннатдорлик туйғулари билан саодатли ҳаёт кечирмоқдалар.

Фарзанд - умримиз гултожи. Ҳаётимиз мазмуни, эртамизнинг нурли чароғбони. Ота-она учун жигарбандининг соғлигидан-да ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Фар­ғоналик Ёқутхон Аъзамова ҳам ана шундай мунис ва меҳрибон оналардан бири. Унинг уч нафар ўғлидан иккинчиси Хуршидбек сурункали буйрак етишмовчилигидан озор чекиб келаётган эди. Онаизор Наманган давлат университети талабаси бўлган ўғлини соғломлар сафида кўриш орзусида. Шу мақсадда донор бўлишни лозим топди. Хайриятки, пойтахтда барча тиббий текширувлардан ўтказилган онанинг буйраги ўғлиникига мос келди...

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази қон-томир ва буйрак трансплантацияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов бошчилигида малакали мутахассислар т. ф. н. Қодиржон Маҳмудов, т.ф.н. Зоҳиджон Маткаримов, Жасур Ўринов, Абдуқодир Суюновлар наманганлик маҳаллий ҳамкасблар Аҳмаджон Болтаев, Қуёшбек Йўлдошев, Муроджон Тошпўлатов, Баҳодир Режаббоевлар билан биргаликда мураккаб жарроҳлик амалиётига киришишди. Олим-шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида онасининг чап буйраги эҳтиёткорлик билан олиниб, бемор ўғилнинг пастки ўнг ёнбош соҳасига кўчириб ўтказилди.

Яна бир беморнинг отаси - Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи Музаффар Маматқулов ҳам ўғли Мусабек Турсунов учун донорликнинг барча шартларидан ўтган эди. У ҳам жарроҳлик столига олинди.

- Ҳеч бир ота-онанинг фарзанди бемор бўлмасин экан. Ўғлим ҳафтада икки-уч марта шифохонада гемодиализ аппарати ёрдамида ҳаёт кечираётганди. Унинг саломатлигидан жуда ташвишда эдик. Яхшиямки, бахтимизга нажоткор шифокорлар бор экан. Наманганлик буйрак кўчириб ўтказилган, ҳозирда соғаяётган танишимиз билан тез-тез қўнғироқлашиб турардик. Донор ва беморнинг соғлом ҳаёт кечираётгани бизга туртки бўлди. Худо хоҳласа ўғлим билан операциядан соғ ва омон чиқиб, оиламиз, яқинларимиз бағрига хушнуд қайтамиз. Қолаверса, биз каби чекка ҳудудларда яшаётган одамларга яхши шароит ва имкониятлар яратаётган Юртбошимизга ҳам чин дилдан раҳматлар айтаман. Боиси, олис масофага бориб овора бўлмадик. Пойтахт­лик профессорларнинг водийга ташрифи бизни жуда-жуда хурсанд этди, - деди Музаффар ака мамнун кайфиятда.

Дарҳақиқат, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди. Унда соҳада бажарилиши лозим бўлган кенг кўламли вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, академик В.Воҳидов номидаги РИХИАТМ, вилоят, туман шаҳар бирламчи бўғин тиббиёт муассасалари ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш ва туман, шаҳар ва ҳудудлар даражасида каминвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини кенг жорий этиш ҳам кўзда тутилган эди.

- Бундан 3 ой илгари ҳудди шу ерда 2 нафар беморда маҳаллий ҳамкасблар билан биргаликда мураккаб жарроҳлик амалиётини бажарган эдик, - дейди РИХИАТМ қон томир ва буйрак трансплантацияси бўлими врачи, т.ф.н. Зоҳиджон Маткаримов. - Водий вилоятлари орасида буйрак трансплантацияси фақат Наманганда амалга ошириляпти. Шунинг учун ҳам маҳаллий ҳамкасбларимизнинг соҳадаги тажрибалари тобора такомиллашиб бормоқда. Яқин йиллар ичида бундай операцияларни уларнинг ўзлари уддалашади. Бугунги 2 нафар беморимизда ҳам буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди. Ҳозирда уларнинг ҳолати яхши. Донорлар ва беморлар шифокорлар назоратида турадилар. Муолажаларни ўз вақтида олиб, врачларнинг маслаҳат ва тавсияларига қатъий амал қилсалар, тезроқ соғаядилар, хасталикдан батамом фориғ бўладилар.

Манзура ЭРГАШЕВА.