Халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун хизмат кўрсатадиган тиббиёт муассасаларининг иссиқлик тизимларини соз ҳолатга келтириш ва мўътадил ҳароратни яратиш ҳар доимгидай долзарб вазифалар сирасига киради. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасалари куз-қиш мавсумига тайёрми? ВССБнинг бош мутахассиси Аслиддин Раҳмонов билан суҳбатимиз ушбу мавзу доирасида ўтди.

- Аслиддин Фазлиддинович, бугун кузнинг иккинчи ойи ярмида турибмиз. Ҳаво ҳароратининг кундан-кун пасайиши кутилмоқда. Ҳўш, бошқарма тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай бормоқда? Бу борада белгиланган режалар, амалга оширилган ишлар тўғрисида гапириб берсангиз.

- Албатта. Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ҳар бир мутасаддидан жуда катта масъулиятни талаб қилади. Чунки совуқ пайтида иссиқ ва мўътадил шароитлар зарур бўлади. Шунинг учун ҳам бу борада давлатимиз томонидан бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси учун зарур маблағлар ҳам ажратилган.

9 сентябрь куни бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов раҳбарлигида ташкилланган йиғилишда ҳам айнан шу масала муҳокама этилди. Даволаш-профилактика муассасалари, тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ва мавсумга алоқадор масъуллар иштирокидаги мазкур йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва уни беталофат ўтказиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўриш, тараддудни жадаллаштириш каби долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Бу йилги куз-қиш мавсумининг беталофат ўтиши учун мавжуд ҳолатлар атрофлича ўрганилди. Керакли тавсия ва топшириқлар натижасида ҳозирда кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Жумладан, Инвестиция дастурига мувофиқ 8 та даволаш-профилактика муассасасида, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари бўйича 9 та тиббиёт муассасасида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Уларнинг иситиш тизимлари ҳам бира тўла соз ҳолатга келтириб кетилди.

- Маълумки, тиббиёт муассасаларининг иссиқлиги белгиланган меъёрда бўлиши керак. Бунинг учун албатта мавжуд иситиш тизими соз, ёнилғиси ғамланган, ёқилғи заҳиралари мавжуд бўлсагина кутилган мақсадга эришилади. Шундай эмасми?

- Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 майдаги ПҚ-3012-сонли қарорига биноан вилоят, шаҳар ва туманлар молия бўлимлари билан келишилган ҳолда эскирган қозонларнинг замонавий, тежамкор янгиларига алмаштириш режага киритилган.Ҳозирда 35 та тиббиёт муассасасида 43 та эскирган қозонлар ўрнига янгилари ўрнатиляпти. Буларни номма-ном келтириб ўтишимиз ҳам мумкин. Масалан, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси, Мингбулоқ, Наманган, Норин, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказий шифохоналар ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларида маънан эскирган қозонларни янгисига алмаштириш ишлари жадал олиб бориляпти.

Шунингдек, вилоят Перинатал маркази, вилоят тери-таносил касалликлар диспансери, "Пахталикўл" сиҳатгоҳи, Учқўр­ғон туманлараро ОИТС лаборатория бўлими, вилоят кардиология марказининг Ҳамза филиалларида ҳам иситиш қозонлари янгиланмоқда.

Бошқарма тизимидаги вилоят муассасалари ҳамда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларидаги 32 та электр токи ишлаб чиқарувчи генераторлар бирма-бир кўздан кечирилиб, мавсумга тахт қилиб қўйилди.

Бугунги кунда иситиш, ичимлик суви, газ тармоқлари, қозонхоналар ва юмшоқ қопламали томлар жорий таъмирланиб, эшик ва деразаларгача кўриб чиқилди, яроқсиз ойналари алмаштирилди. Қолаверса, иссиқлик қувурларининг қоплама ўрови сифатли амалга оширилди.

Даволаш-профилактика муассасалари учун 13. 937 тонна кўмир ғамлаш режалаштирилган бўлиб, ёқилғини ўз вақтида етказиб берилиши қатъий назоратга олинган. Эҳтиёжлардан келиб чиқиб, яна қўшимча кўмир заҳираси учун буюртма берилган.