Маълумки коронавирус инфекцияси дунё аҳолисига жиддий талафотларни етказди. Мамлакатимизда эса ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар уни имкон қадар тезроқ жиловлашда муҳим аҳамият касб этди. Тўғри, йўқотишлар бўлмади дея олмаймиз. Яқинларимиздан жудолик аламларини ҳам тортдик. Лекин муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимиз бирдамлик ва ҳамжиҳатликда коронавирусни енга боришга қодир бўлаётир.
Жорий йилнинг апрель ойидан бошланган вакцинациялаш жараёни Уйчи туманида ҳам юксак уюшқоқлик билан давом этяпти. Давлатимиз томонидан бепул етказиб берилаётган вакциналарни қабул қилиш коронавирус инфекциясидан ҳимояланишнинг энг самарали йўлидир. Буни яхши тушунган ва ўз саломатлиги учун бефарқ бўлмаганлар, дастлаб 2 турдаги ZF-UZ-VAC 2001, Аstrazeneka вакциналарини қабул қилишдан бошладилар. Туман тиббиёт бирлашмасида 12 та эмлаш пункти талаб даражасига келтирилди. Юксак тайёргарлик билан 111 та эмлаш бригадасидан иборат тиббий гуруҳлар фаолияти изчил йўлга қўйилди.
Дастлаб аҳолининг вакцинацияга онгли муносабати шакллантирилди. Соғлом турмуш тарзи, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш ва эмланиш ҳақида тарғибот-ташвиқот кучайтирилди. Айниқса, эмлаш бригадаларининг маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юргани ғоят самарали кечди. 65 ёшдан ошганлару, сурункали хасталиги борлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, мутахассис тавсияси билан эмланишди. Нажоткорларни раҳмату олқишлар айтишиб сийлашди.
- Соғлигимиз аввало ўзимизга керак. Шунинг учун ҳам оила аъзоларимиз билан барчамиз биринчилардан бўлиб эмланганмиз, - дейди 69 ёшли Мақсуда Тожибоева. - Коронавирус инфекциясини енгишнинг ягона йўли вакцина экан, бундан наҳотки юз ўгириш мумкин. Худога шукур, ўғилларим, келинларим, набираларим давлат идораларида ишлайди, олийгоҳларда ўқийди. Ҳеч бири инфекцияни юқтирмади. Хонадонимизга келиб эмлаб кетган врачу-ҳамшира қизларимга мингдан - минг раҳмат айтамиз!
Дарҳақиқат, бугун вакцинациялаш жараёнлари тўғрисида одамларнинг тушунчаси ўзгарди. Бунда, албатта, бирламчи тиббий-санитария муассасаларида хизмат қилувчи шифокор ва патронаж ҳамшираларнинг ғоят фаоллигини, ўз ишига масъулият билан ёндошаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Улар ватанпарварлик руҳи билан, қасамига содиқ ҳолда иш меъёридан ҳам ортиқ даражада хизмат кўрсатишмоқда. Ўз халқининг саломатлиги учун ўз ҳаловатидан кечиб, фаолият юритаётган саломатлик посбонларининг кўнгилларида фахру ғурур туйғулари ҳукмрон. Ҳеч ким ўз ишидан норози эмас. Чунки марду майдон уйчилик тиббиёт ходимлари эл бошига иш тушганида чинакамига фидойилик кўрсатишяпти.
- Туман тиббиёт бирлашмасида вакцинация ишларини мувофиқлаштириш учун алоҳида штаб тузилган бўлиб, эмланувчиларни ўз вақтида махсус сайтга киритиш ҳам назоратга олинган, - дейди координатор Қобулжон Раҳимов. - Дастлаб 65 ёшдан ошганлар, мустақил тиббиёт муассасига кела олмайдиган фуқароларнинг хонадонларига бориб эмлаган бўлсак, бугун фуқароларнинг ўзлари эмлаш пунктларига келаётгани, эмланувчилар сони тобора ўсаётгани ижобий ҳолатдир. 12-17 ёшгача бўлган фарзандларимиз ҳам вакцина олишни бошладилар. Ҳозиргача уларнинг ҳеч бирида ножўя таъсирлар кузатилмади.
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири ўринбосари Аҳмаджон Дадабоев, 31, 32, 37-ОП мудирлари Иқболхон Шерматова, Зулфия Мамажонова, Маҳмуда Олимова ҳамда "Ёркатай", "Ахси" ОШП мудирлари Моҳира Отажонова, Дилбар Қаюмовалар бошчилигидаги жамоаларнинг фаоллиги, жонкуярлиги ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
Профилактик эмлаш ишларида сидқидилдан хизмат кўрсатиб, намунали иш юритаётган вакцинатор-ҳамширалар Зулхумор Узоқова, Гулноза Мирзамаҳмудова, Дилфуза Абдураҳмонова, Комила Қамбарова, Муяссар Ирисова, Нодира Исоқова, Муяссар Ҳакимов, Нигора Аббосова, Зулхумор Ўлжабоева, Наргиза Мўминова, Нодира Давлатова ҳамда Насиба Мўминчаевалар фаолиятидан барча мамнун.
Соғлигимиз учун ўзимиз ҳаракат қилмасак, ўзимизни ўзимиз асрамасак бўлмайди. Вакцина олишни пайсалга солиш соғлигимизга зиён келтириши мумкин. Бой берилган саломатликнинг ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам коронавирус инфекциясидан ҳимояланишнинг энг самарали воситаси вакцина эканлигини асло унутмайлик.
Манзура ЭРГАШЕВА.