Ўлкамизга куз фасли келиши билан об-ҳаво салқинлашиб, кунлик ҳароратнинг пасайиши кузатилиши бу табиий ҳол. Натижада аҳоли орасида юқумли касалликлар, жумладан грипп ва ЎРВИга чалиниш эҳтимоли ортиб боради. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу касалликларнинг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган миллий эмлаш кунлари сентябрь ойидан бошланиб, март ойигача давом эттирилиши мақсадга мувофиқ деб топилган.
Пандемиядан тезроқ халос бўлиш энг аввало ўзимизга боғлиқ. Дунё ахборот воситаларида кенг ёритилаётган хабарлардан ҳам кўриниб турибдики, қайси давлатларда Ҳукумати томонидан аҳолисига бор имкониятлар яратиб берилиб, аҳил-ҳамжиҳатликда кураш олиб борилаётган бўлса, шунча тезроқ ижобий натижаларга эришилмоқда.
Кўнгилларга таскинлик улашаётган кўрсаткичлар бизни янада ҳушёрликка, огоҳликка, коронавирусни енгиш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимизнинг бардавомлиги йўлида янада жипслашишга ундайди.
Хусусан, тегишли мутасадди ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, тўй ва оилавий маросимларни ўтказиш бўйича илгари белгиланган чекловлар юмшатилиб, шу йилнинг 20 сентябридан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилишига рухсат берилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 сентябрдан эътиборан жума намози ва бошқа намозларни масжидларнинг фақат очиқ саҳналарида адо этилишига оид чекловни бекор қилиш тўғрисидаги таклифи кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди.
Тўғри, мамлакатимизда, шу жумладан, вилоятимизда ҳам коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олиш борасидаги ишлар натижаси боис аҳоли ўртасида касалланиш камайиб бормоқда. Республика махсус комиссияси томонидан карантин талаблари юмшатилишига рухсат берилмоқда. Аммо бу дегани, кўча, жамоат жойлари, бозор, супермаркет, жамоат транспортларида ниқобсиз юришга, оралиқ масофаларни сақламай ҳаракат қилишга, антисептик воситалардан бутунлай воз кечишга рухсат дегани эмас. Президентимиз таъриф берганларидек, "...коронавирус ўта айёр касаллик, у ҳамон атрофимизда яшириниб, пайт пойлаб юрибди..." Шундай экан, Республика махсус комиссияси томонидан карантин талаблари тўла бекор қилунмагунга қадар белгиланган қоидаларга изчил амал қилайлик. Ахир халқимиз томонидан тез-тез тилга олинадиган "Ўзини асраганни Аллоҳ асрайди" деган нақл бекорга айтилмаган. Шундай эмасми?!
Муҳаммадсоли ТЎРАБЕКОВ,
Наманган вилояти СЭО ва ЖСБ бошлиғи.