Маълумки, мамлакатимизда аҳоли сиҳат-саломатлигини асраш, четдан юқумли касаликлар кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида кенг кўламда ишлар олиб бориляпти. Ҳар йили 16 ёшгача бўлган болаларда миллий эмлаш календари асосида дифтерия, шол, кўкйўтал, қоқшол, вирусли гепатит В, қизамиқ, эпидпаротит, қизилча, хиб инфекцияси, пневмококк, сил ва ротавирусли инфекция каби 12 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши давлат бюджети ҳисобидан бепул вакцинация тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, 2019 йилнинг ноябрь ойидан 9 ёшли, 2010 йилда туғилган қизлардаги папиллома вирусига қарши вакцина билан эмлаш тадбирлари амалга тадбиқ этилиши ҳам бу борада қўйилган муҳим қадам бўлди. Шу ўринда бу касаллик ҳақида маълумотга эга бўлмаган инсонларга қисқача тушунча бериб кетсак.
Папиллома дунёда энг кўп тарқалган вируслардан. Унинг 190 хилдан ортиқ турлари мавжуд. Шуларнинг 13 таси саратон касалининг ривожланишига олиб келади. Агар ўз вақтида вакцинация жараёнлари амалга оширилмаса, 16 ва 18 типлари бачадон бўйи саратонини келтириб чиқариши исботланган.
Азиз ҳамюртлар!
Ҳурматли ота-оналар!
Жорий йилнинг 1 октябридан 31 октябригача мамлакатимизда 2012 йилда туғилган, 9 ёшли қизларни инсондаги папиллома вирусига қарши вакцина билан эмлаш ойлиги ўтказилмоқда. Ана шу муносабат билан вилоят СЭО ва ЖСБ ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари томонидан бу муҳим тадбирга пухта тайёргарлик кўрилди, семинарлар ташкил этилди. Шундай экан, фарзандларингизнинг соғлиги, бахтли келажагини ўйлаган ҳолда вилоятимиздаги ОШП, ОПларда амалга ошириладиган эмлаш ойлигида қизларингизни фаол иштирокини таъминлабгина қолмасдан, эмлаш ойлигининг маҳаллангиз ва иш жойингиздаги тарғиботини янада жонлантиришга муносиб ҳиссангизни қўшасиз деган умиддамиз.
Музаффар АЛИМОВ,
вилоят СЭО ва ЖСБ
иммунопрофилактика
бўлими мутахассиси.