Сил касаллигини даволашда стационар ва амбулатор ёрдам кўрсатувчи тиббий масканларидан ташқари мамлакатимизда Парда Турсун номидаги фтизиатрия ва "Пахталикўл " фтизиатрия-пульмонология сиҳатгоҳлари мавжуд бўлиб, ҳар иккаласи ҳам республика соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашлидир. Дастлабки мақоламизда Парда Турсун сиҳатгоҳи ҳақида ҳиқоя қилган эдик. Мазкур мақолада "Пахталикўл" шифо муассасасига батафсилроқ тўхталамиз.
"Пахталикўл" 1958 йилда Ўзбекистон Республикаси сил касалликлари институти директори, академик, марҳум Шокир Алимов ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, сиҳатгоҳ 9 та бўлимдан иборат, асосий даво омили - меҳнат терапияси ва физиотерапия муолажалари ёрдамида шифо беришга ихтисослашган.
Сиҳатгоҳ бўлимларининг аксарияти меҳнат-даволаш хусусиятига эгадир. К. Маҳкамов, А.Тоштанов, Э. Қосимов, М. Воҳидов, А.Юсуфхонов, М. Қўчқоров, Н. Расулова М. Аҳмедовалар каби тажрибали шифокорлар раҳбарлик қилаётган ҳар бир бўлим маълум йўналишлар бўйича фаолият юритади. Тиббиёт ходимлари дам олувчи ва даволанувчиларнинг саломатликларини тиклаш ва дардларини енгиллаштириш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Бинобарин, физиотерапия хизмати беморлар учун энг керакли ва фойдали муолажалардан ҳисобланади. Бўлимда 15 га яқин тиббий аппаратлар бўлиб, буларнинг ҳар бирига ҳамширалар масъуллиги белгиланган. Жумладан, сандалга Д. Мирдедаева, фитобарга М. Қаҳҳарова, УВЧ га эса О. Эрматова. Бу муолажалар сифатининг назорати эса бўлим бошлиғи С.Мирзамаҳмудовага топширилган.
Ошхона ҳам беморлар соғлигини тиклашда муҳим гўша. Бу соҳа ҳозир хусусий хизмат фаолиятига ўтган. Тўғрисини айтсак, хусусий фаолиятда гап кўп экан. Бу фақат тўрт маҳаллик овқатланишда эмас, балки мазали ва сифатли таомлар беморларга манзур бўлмоқда.
Беморларнинг савиясини оширишда клубнинг роли катта. Унга маънавият ва маърифат ишлар бўйича бош врач ёрдамчиси А. Абдуллаев раҳбарлик қилади. Унинг айниқса сайлов олди ишларига ҳар қанча тасаннолар айтса арзийди. Клуб таркибида эса зиё маскани - ахборот ресурс маркази ишлаб турибди. Унда 6 тилда чоп этилган 11 мингдан ортиқ бадиий ва ўқув қўлланмалар мавжуд. Ҳар хил адабиётлар қаторида нафақат кундалик газета ва журналлар, балки уларнинг тўпламлари ҳам сақланмоқда. Китобхонлар сони тобора ошмоқда ва дам олувчилар кутубхоначи Н. Қамбарованинг хизматидан мамнун.
Сиҳатгоҳга турли-туман, шаҳар ва вилоятлардан келган даволанувчиларнинг бўш вақти ғоят мазмунли ўтмоқда. Маданият масканида ўтказиладиган мусиқали соат ўйинларида қатнашиш кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу кечаларда "Омад дастаси" қатнашчилари А. Абдуллаев ва Б. Эрматовларнинг чиқишлари томошабинларнинг олқишига сазовор бўлмокда.
- Муассасамизга келган ҳар бир инсоннинг сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлиб, саломатлигини мустаҳкамлаши ва вақтини мазмунли ўтказиши учун барча имкониятлар яратилган, - дейди сиҳатгоҳ бош врачи Тоҳиржон Турдиев. - Даволаш ишларини юқори даражада ташкиллаш ва такомиллаштириш борасидаги изланишларимиз бардавомдир.
Раҳматулла ИБРОҲИМОВ,
профессор.