Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27 сентябрь куни Наманган вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги "Юксалиш" саноат шаҳарчасида бўлиб, "Glass еxpo" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Бу ерда ойнага миллий нақшлар ва замонавий дизайнлар асосида ишлов берилади. Корхона 2019 йилда ишга туширилган ва изчил ривожлантириб борилмоқда. Бу вилоятда ойна маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 1 миллион 200 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконига эга бўлади.
Президентимиз корхонадаги иш жараёни, маҳсулотлар намуналарини кўрди.
Шу ерда тадбиркорлар билан мулоқот бўлди.
- Ўзбекистоннинг эртанги куни - тадбиркорлар. Биз беш йил давомида сиёсат нуқтаи назаридан ҳамма бозорни очишга ҳаракат қилдик. Энди сизлар сифат, рақобат, экспорт бўйича ишлашингиз керак. Режаларингиз баланд бўлиши, ҳар куни изланишингиз зарур. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги бунда сизларга кўмакдош бўлади, лойиҳаларга инвестор бўлиб киради.
Август ойида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда яна кўплаб режаларни белгилаб олдик. Келгусида улар бўйича қарорлар қабул қилиниб, қўшимча шароитлар яратилади. Муҳит шундай бўлиши керакки, ишсиз ёшлар тадбиркорга, кичик тадбиркорлар катта, жозибадор инвесторга айланиши керак, - деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари Юксалиш маҳалласига аввал ҳам келган, ҳудудни саноат шаҳарчасига айлантириш, бу ерда яшовчи аҳоли учун иш ўринлари яратиш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
Бу галги ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Охирги уч-тўрт йилда маҳалла улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Бу ерда 71 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Жорий йилда 5 та, келгуси йили 11 та кўп қаватли уй қуриб битказилади.
Тадбиркорларга замонавий шароитлар яратиш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида мазкур ҳудудда "Юксалиш", "Ёшлар" ва "Кушон" кичик саноат зоналари ташкил этилган.
"Юксалиш" кичик саноат зонасида жами 1,2 триллион сўмлик 96 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.
"Ёшлар" кичик саноат зонасида умумий қиймати 804 миллиард сўмлик 60 та лойиҳа, "Кушон" ҳудудида 1,6 триллион сўмлик 129 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларда, мос равишда, қарийб 5 мингта ва 13 мингта иш жойи ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев "Юксалиш" шаҳарчасида наманганлик сайловчилар билан учрашди.
Президент Шавкат Мирзиёев "Янги Наманган" шаҳарчаси лойиҳаси билан танишди.
Мазкур лойиҳа учун Давлатобод туманининг Юксалиш ҳамда Тўрақўрғон туманининг Еттикон маҳаллалари ҳудудидан 1 минг 371 гектар ер ажратилган. У ерда 410 та кўп қаватли уй, 7 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, шунингдек, кўплаб инфратузилма иншоотлари барпо этилиши режалаштирилган.
Бу борадаги ишлар аллақачон бошланган бўлиб, Юксалиш маҳалласидаги бунёдкорлик унинг биринчи босқичи ҳисобланади. 2018-2021 йилларда амалга оширилган бу босқич доирасида 71 та кўп қаватли уй қурилди. "Юксалиш", "Ёшлар" ва "Кушон" кичик саноат зоналари ташкил этилди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2022-2024 йилларга мўлжалланган. Бу бўйича Туркиянинг "Studio Vertebra" компанияси томонидан бош режа ишлаб чиқилган.
Давлатимиз раҳбарига мазкур бош режа ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, иккинчи босқичда 30 минг хонадондан иборат 16 ва 24 қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, шифохона, спорт мажмуалари, масжид, кутубхона, IT-парк, меҳмонхона, бизнес маркази, савдо ва сервис объектлари қад ростлайди.
Шунингдек, 95 гектар ерда "Янги Ўзбекистон боғи" барпо қилинади.
Шавкат Мирзиёев мазкур боғ лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди.
2022 йилда қуриб битказиладиган мажмуада Наманган рамзи бўлган гуллар боғи, сунъий кўл, фавворалар, 1 минг 500 ўринли амфитеатр, автотураргоҳ, савдо шохобчалари ташкил этилади.
Лойиҳанинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган учинчи босқичи ҳам бор. Мазкур "ақлли" шаҳарча тўлиқ қуриб битказилганда аҳолига шу ернинг ўзида яшаши, ишлаши ва дам олиши учун барча қулайликлар яратилади. Натижада 2026 йилга бориб Наманган бир миллион аҳоли истиқомат қиладиган йирик шаҳарга айланади.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 19 февраль куни Наманган шаҳридаги "Саховат" уйини бориб кўрган, нуронийлар учун янги бино қурилишига ваъда берган эди.
Шундан сўнг бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 120 ўринли янги "Саховат" уйи биноси, 4 та коттеж қурилди. Маъмурият ва хўжалик бинолари таъмирланиб, электр энергияси, сув, иситиш тармоқлари янгиланди.
Шавкат Мирзиёев вилоятга навбатдаги ташрифи чоғида у ерга яна бориб, кексалар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
"Саховат" уйида ҳар бир яшовчи учун алоҳида хона ажратилган бўлиб, хоналар телевизор, музлатгич, мебель билан жиҳозланган. Ошхона, муолажа ва физиотерапия хоналари, сув ҳавзаси, тренажёр зали бир бинода жойлашгани кексаларга қулайлик яратган. Нуронийлар вақтини мазмунли ўтказиши учун дам олиш жойлари, кутубхона ташкил этилган.
Зиёратларга бориш учун "Саховат" уйига Президент совғаси - "Isuzu" автобуси ҳам берилган.
Давлатимиз раҳбари нуронийлар билан дилдан суҳбатлашди.
- Ўтган сафар Худо кўнглимга солиб, сизларнинг олдингизга келган эдим. Тошкентга бориб ҳам ҳурматингизни жойига қўйиш ҳақида кўп ўйладим. Ахир, давлат раҳбари сифатида сизларга шароит яратиб бериш - менинг вазифам. Бугун мана шундай янги шароитларингизни кўриб, оғирингиз енгил бўлганини ҳис қилиб, ўзимни бахтиёр сезаяпман. Сизлар ҳаётдан рози бўлсаларингиз, Аллоҳ биздан рози бўлади, юртимиз тинч, ишимизда барака бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Нуроний ота ва онахонлар яхши шароитлар, инсон қадрига эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини якунлаб, Фарғонага жўнаб кетди.
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
ЎзА мухбирлари.