Мамлакатимизда биринчи бўлиб Наманганда муваффақиятли бажарилди.

Вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида ҳам ўта ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказила бошланди. Бу мураккаб операция Москва тиббиёт академияси профессори, тиббиёт фанлари доктори Олег Николаевич Зубань раҳбарлигида олиб борилди. Таниқли шифокорга Тошкент тиббиёт академиясидан тиббиёт фанлари доктори Зафар Раҳматуллаев, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказидан ,тиббиёт фанлари номзоди Сарвар Алижонов ва маҳаллий шифокорлар Искандар Маҳмудов ҳамда Улуғбек Ашировлар ассистентлик қилишди. Олим-шифокорларнинг тўрт соатлик саъй-ҳаракатлари натижасида чортоқлик бемор оғир дарддан халос этилди.

Бўлим мудири Искандар Маҳмудовнинг изоҳлашича, урогинетал аъзолари сили жарроҳлик бўлими операция столига ётқизилган бемор узоқ вақтдан бери оғир хас­таликдан азият чекар эди. Шу боис ҳам унда бир йўла икки турдаги қийин жарроҳлик амалиёти олиб борилди. Дастлаб аёл туҳумдонидаги ўсимтадан фориғ қилинди. Кейин эса буйрак жомчаси ва сийдик найи соҳаси торайиши сабабли лунжидан олиниб, пластика қилиш жараёни кечди. Бу амалиёт билан бемор буйраги соғ­ломлаштирилади.

- Юртингизда сил касаллигига чалинганлар, айниқса сийдик тракти туберкулёзи билан оғриган беморлар сони жуда камлиги ижобий ҳолат. Ўзбек жарроҳлари билан ҳамкорликда ўтказилган мураккаб операция боис бемор ҳаётига раҳна солаётган хасталикка нуқта қўйдик, - дейди москвалик прфессор Олег Николаевич.

Шуниси қувончлики, илгари ривожланган давлатлар клиникаларидаги ўтказиладиган мазкур жарроҳлик амалиётига диёримизда ҳам қўл урилди. Энди мамлакатимиз жарроҳлари ҳам бу юқори технологик амалиётни бажариш усулларини ўрганиб олдилар.

- Москвалик докторнинг ташрифи тарихий аҳамиятга эга. Юртимизда ўзлаштирилган янги турдаги жарроҳлик амалиётлари қаторида қайд этилаётган бу операция боис маҳаллий шифокорлар ҳам тажрибаларини бойитиш, келгусида ҳеч иккиланмай бу ишни давом эттириш кўникмасига эга бўлдилар,-дейди вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази директори Иқболжон Воситов.

Малакали шифокорларнинг Наманганга ташрифлари доирасида ўнлаб беморлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка ҳам чорланди ва улар соғлиғини тиклаш учун тегишли тавсиялар берилди.

Манзура ЭРГАШЕВА.