Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш мақсадида тез тиббий ёрдам хизмати учун янги ва замонавий русумдаги санитар автомашиналар харид қилиш кўлами ортмоқда.

25 сентябрь куни юртимизда ишлаб чиқарилган А тоифали 10 та "Volkswagen Caddy" тез тиббий ёрдам автомашиналарининг биринчи туркуми вилоятимизга етиб келди.

Эътиборлиси, янги "Volkswagen Caddy" тез тиббий ёрдам машиналарининг етказиб берилиши соҳадаги ижобий ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу ўз навбатида тизимда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва уни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур автомашиналар шаҳар шароитида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, ўтувчанлиги, ишонч­лилиги ҳамда тежамкорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Энг муҳими, ушбу машиналарда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.

Яқин кунларда бундай автомашиналарнинг иккинчи туркумини ҳам олиб келиниши кутилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.