Яқинда бир таниш опани кўчада учратиб қолдим. Қадди-қомати келишган, бир гапириб, ўн куладиган опа жудаям фаромуш ва ғамгин ҳолатда, озиб-тўзиб кетганди. Қўлидаги целофан пакетда турли дори-дармонлар. Ташвишланиб ҳол аҳвол сўрадим.

- Қанд касалим борлиги туфайли, интернетдаги турли миш-мишларга ишониб вакцина олишга жуда қўрқдим. Диабет шифокори тиббий текширувлардан ўтказиб, вакцина олишингиз мумкин, деса ҳам ўз билганимдан қолмадим. Хонадонимизга эмлаш учун келган ҳамшираларга "вакцина олмаймиз" деб туриб олдим... Бир ой илгари томоғимда бироз қичишиш, сўнг ҳолсизлик, тунда истима безовта қилиб, нафасим бўғилди. Ҳушимдан кетибман. "Тез ёрдам"да шифохонага келтиришибди. Ўзимга келганимда махсус аппаратда нафас олаётган эдим... Бир ойдан ошиқроқ "Баркамол авлод" шифохонасида ўлим билан олишдим. Эмланмаганимга афсусландим. Фарзандларимга, ўғилларим, келину-қизларимга тезда вакцина қилдиришларини айтдим. Уларнинг ҳам мен каби вирусни юқтириб, дард чекишларини истамадим. Ковид шифохонанинг врачу мутахассисларига гап йўқ экан. Жонлантириш бўлимида ётиб, ҳаётдан умидимни ҳам узиб қўйган эдим. Жонкуяр шифокор ва ҳамшираларнинг саъй-ҳаракатлари билан секин-аста соғайиб оилам, фарзандларим бағрига қайтдим...

Нафақат бизнинг юртимизда, балки бутун дунёда мутахассислар томонидан коронавирус инфекцияга қарши курашнинг ягона йўли, ягона нажот - вакцина эканлиги уқтирилаётгани бежизмас. Жорий йилнинг апрель ойидан бошланган вакцинация жараёнлари вилоятимизда ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-оилавий поликлиника тиббиётчилари ҳам бу тадбирга астойдил киришишган. Улар Чорсу, "Шарқ тонги", Шербулоқ, Келажак тонги, Истиқбол, Курашхона, Нурафшон, Озод, Ишонч маҳалла фуқаролари йиғинлари аҳолисига хизмат кўрсатишади.

- Олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида ҳудудимиздаги аҳоли вакилларида ҳам анча фаоллик сезиляпти, - дейди эмлаш бўйича масъул Эътибор Юсупова. - Шу кунгача тўлиқ эмланганлар 10 минг нафардан ошди.

Оила шифокори юқори нафас йўллари, қон босими ва сатурацияси меъёрида бўлганларни аниқлагач, уларни эмлаётган ҳамшира Сабо Эргашеванинг қўли-қўлига тегмайди. Бироз бўлса-да тин олишга вақти йўқ.

Эмлаш жараёнларини кузатар эканмиз, ўз соғлиғига бефарқ бўлмай, тартиб билан навбатини кутиб турганлар билан суҳбатлашдик.

- Турмуш ўртоғим билан ZF-UZ-VAK 2001 вакцинасининг учинчисини олдик, - дейди Нурафшон МФЙдан келган 69 ёшли Миробид Абидов. - Сертификат ҳам тайёр экан, уни ҳам беришди. Энди саломатлигимиздан хотиржаммиз. Уч босқичда олган эмлаш давомида ҳеч қандай ножўя таъсирларни сезмадик. Юртдошларимизга, вилоятимиз аҳлига ҳар-хил ёлғон гапларга ишонмай, вакцина олишларини тавсия қилган бўлардим.

39 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган мазкур оила поликлиникасида эмланувчилар 22 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Қолаверса, 6 та мактаб, 3 та мактабгача таълим ташкилоти, "Пахталикўл" сиҳатгоҳи, "Медфарм", "Мономарказ", Наманган давлат университети каби йирик ташкилот ва корхоналар, таълим масканлари учун 3 та махсус мобиль бригадалари ташкил қилинган. Бригадалар ҳудуддаги корхоналарда, аҳоли гавжум савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларида эмлаш тадбирини навбатма-навбат бажа­ришяпти.

- Жараёнлар юксак уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Эмлашнинг барча босқичларини тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда амалга оширяпмиз, - дейди поликлиника мудири Хуршид Мамадалиев. - Вакцинация тадбирларида шифокорлардан Раҳбархон Раҳимова, Ирода Қирғизова, Сарбархон Қаҳҳорова, Шерали Чўлпонов, Гулчеҳра Юнусова, Зулхумор Дадабоевалар, ҳамширалардан Гулбаҳор Раззоқова, Дилноза Юнусова, Матлуба Дадахонова, Мадина Иномова, Гулчеҳра Жўрабоевалар фаоллик кўрсатишиб, вазифаларига сид­қидилдан ёндашишмоқда.

Дарҳақиқат, "Covid-19"нинг инсон умрига таҳдиди ҳали ҳамон давом этаётган бир пайтда, ундан қутулишнинг ягона чораси - вакцина эканлигини асло унутмайлик. Барча ҳамюртларимиз дард чекиб, ойлаб шифохонада шифтга термулиб ётишдан кўра вакцина олиш мақсадга мувофиқлигини ўз вақтида тушуниб етадилар деган умиддамиз. Ҳикоямизда келтирилган опанинг сўнгги пушаймондан не наф. Соғ­лик - бебаҳо бойлик. Шундай экан, уни бой бериб қўймасдан, вакцина олиш жараёнларида фаол иштирок этайлик.

Манзура ЭРГАШЕВА.