Барчага маълумки, 2017 йил 1 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида" ги 2863-сонли қарори қабул қилинган. Ўтган вақт ичида вилоятимизда ҳам ушбу қарор асосида фаол иш олиб борилмоқда. Имконияту имтиёзларнинг кўпайиши туфайли тармоқ тараққиёти тобора тезлашиб боряпти. Агар қарор қабул қилингунга қадар 177 турдаги тиббий хизматлардан 50 тасигагина рухсат этилган бўлса, ундан сўнгра нодавлат сектордагиларга ҳам деярли барча турлар бўйича хизмат кўрсатишга имконият бериб қўйилди.

Ҳозирда вилоятимизда 433 та хусусий даволаш-диагностика муассасаси бўлиб, 266 таси амбулатор ва 167 таси стационар шароитга эга. Жами ўринлар сони 5500 тага етказилди. Уларда 1230 нафар врач ҳамда 1825 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ташхис қўйиш ва даволаш билан шуғулланишади.

2021 йилнинг ўзида 37 та янги муассаса очилди. Мавжуд 7 тасидаги фаолият турлари кўпайтирилди. Албатта, қўшимча ишчи ўринлари яратилди. Яъни 400 дан зиёд врач, ҳамшира ва кичик тиббий ходим ўз иш жойига эга бўлди.

Бугун бемалол айта олишимиз мумкинки, хусусий ва давлат муассасаларининг ўзаро рақобати яққол кўзга ташланмоқда. Мавжуд шароитлар, аппарат, асбоб - ускуна таъминоти, мутахассислар салоҳияти бўйича нафақат тенглашиб боряпти, ҳатто айрим жиҳатларда хусусий тармоқ илгарилаб кетаётганини бемалол эътироф этишимиз ҳам мумкин. Натижада хусусий шифохоналарга мурожаат қилувчилар кундан-кунга ортмоқда. Топаётган даромадлари кўпаймоқда. Шунинг учун улар савобли ҳайрия акцияларида фаол қатнашиб, беминнат хизматлари билан халқ олқишига сазовор бўлишмоқда.

Биргина Наманган шаҳридаги "Доктор-А" клиникасида 7 нафар ижтимоий ҳимоя­га муҳтож беморларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилган бўлса, 14 нафар кам таъминланган оилалардаги беморлар бепул даволанишди. Эҳтиёжманд­лардан 36 нафарида МРТ, 86 нафарида ЭКГ, 18 нафарида УТТ текширувлари ўтказилди.

Шунингдек, "Ойдин шифо" клиникасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 6 нафар бемор бепул операция ёрдамида соғайтирилди. Кам даромадли оилаларда яшовчи 14 нафар бемор ҳам даволаниб чиқди. 1238 нафар кишида диагностика тадбирлари ўтказилиб, зарур тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Юқоридагидек, эзгу амаллар кўплаб хусусий муассаса жамоаларига ёйилмоқда. Чунончи, вилоятнинг олис ҳудудлари - Поп, Учқўрғон, Янгиқўрғон, Чуст, Чортоқ ва Косонсой туманлари қишлоқларидаги 200 нафардан зиёд беморлар тиббий кўрикка жалб этилдилар. Касаллиги аниқланганлардан 77 нафари хусусий тиббиёт муассасаларида имтиёзли муолажалар олдилар.

Хусусий секторга тобора эътибор кучайтирилаётган экан, нодавлат муассасалар фаолияти муттасил такомиллашиб бораверади. Вилоятимизда жорий йил сўнгигача яна 10 та янги шифохона эшиклари беморлар учун очилади. Айни пайтда ишлаётган 7 тасида хизмат кўрсатиш кўлами кенгайтирилади. Одамларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлишига эришилаверади.

Толибжон ВАҲОБОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармасининг лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий

туризмни ривожлантириш бўлим

бош мутахассиси.