Вилоят стоматология поликлиникасининг Давлатобод филиали жамоаси бу борада ибратли фаолият юритмоқда

Вилоят стоматология поликлиникасининг Давлатобод филиали шифокорларининг хизмати элга манзур. Боиси аҳоли вакилларидан кўплаб раҳмат ва миннатдорлик изҳорлари эшитилмоқда. Яқинда таҳририятимизга қўнғироқ қилган меҳнат фахрийси, "Содиқ хизматлари учун" медали соҳиби Абдурашид Убайдуллаевдан ҳам стоматологлар хизматидан мамнун эканликларини эшитиб, тиш шифокорлари ҳузурига бордик.

Муассасага киришдаёқ саранжому саришталик, орасталикдан баҳри дилингиз очилади. Тиши оғриганлар навбат кутишлари учун барча шароитлар яратилган. Алоҳида ўриндиқлар залга қўйилган. Чиройли анвойи хонаки гуллар кўзга ташланади. Тиш оғриғини бошидан кечирмаган инсон бўлмаса керак, албатта. Табиатнинг бебаҳо инъоми нафис гуллар оғриқ азобидаги дардмандларнинг дардини бироз бўлса-да аритиш учун яшнаб тургандай гўё...

18 нафар врач, 7 нафар техник, 10 нафар ўрта ва 7 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият олиб бораётган мазкур тиббиёт муассасасида инсон танасидаги аъзолардан энг зарури - тиш касалликларини бартараф этиш ва соғломлаштириш учун малакали ва сифатли хизмат кўрсатиляпти. Жарроҳлик, терапия ва тиш қўйиш бўлимларидан иборат филиалда ҳақиқатдан ҳам ўз касбининг ҳақиқий усталари фаолият юритишар экан.

Қўли енгил тиш жарроҳи Рустамжон Садритдинов айнан мазкур даргоҳга кўп йиллик хизмати сингиганлигини мамнуният билан таъкидлади. Чорак асрлик умрини стоматология соҳасини ривожлантиришга бағишлаган тиш шифокори минглаб хасталарнинг жонига оро киритаётгани ғоят таҳсинга сазовор.

Филиал мудири Шоҳида Бойдедаеванинг 40 йиллик хизматларини ҳам тилга олмасак бўлмас. Тошкент тиббиёт олийгоҳини битириб, шу ерда фаолият бошлаган шифокор, 20 йилдан буён поликлиника мудири сифатида ҳам кичик жамоага бошчилик қилиб келмоқда. Терапевт Муҳайё Орифжонова шаънига айтилаётган олқишлар, унинг ўз вазифасига ҳамиша масъулият билан ёндошаётганидан дарак беради. У ширинсўзи, билими ва тажрибаси билан 34 йилдирки стоматологик касалларнинг халоскори сифатида обрў эътибор қозониб келаётир.

Малакали стоматологлар Муниса Мамажонова, Фахриддин Усмонов, Маъсуда Турсунбоева, Холида Алланазарова, Моҳиржон Алимовлар ҳам ўттиз йилдан зиёд вақт давомида соҳада ҳалол ва фаол хизмат кўрсатишяпти.

Ҳар бир касбнинг ўзига яраша заҳматлари, машаққатлари бор. Стоматология беморларини даволаш, организм учун энг зарур тишларни соғломлаштиришу қайта тиклашнинг ўзига яраша қийинчиликлари мавжуд. Барчага маълумки инсоннинг ошқозон-ичак ва бошқа аъзоларининг соғлом бўлиши айнан тишларимизга ҳам боғлиқ. Ҳаёт фаолиятимизда «32 сафдош»нинг хизматлари жуда катта. Таом истеъмол қилишимизда яхшилаб чайнамасак, ошқозон-ичак, ўт қопи ва бошқа аъзоларимиз турли хасталикларга мубтало бўлиши мумкин. Шу маънода бой берган тишларимиз ўрнини қопловчи, хизмат қилувчи протезларни барчага манзур қилиб бераётган техникларнинг меҳнатлари ҳам қадрли. Муталли Юсупов, Жаббор Алиев, Ҳафизхон Каримов, Шуҳрат Ёқубов сингари техниклар ҳам ўз касбларининг ҳадисини олишиб, шифокорлар билан ёнма-ён тер тўкишяпти.

Филиалда кадрлар салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун ҳам Шоҳида Бойдедаева, Муҳайё Орифжоновалар Жанубий Корея, Таиланд ва бошқа хорижий давлатлардаги симпозиумларда фаол иштирок этишиб, махсус сертификатларни қўлга киритишган.

- Раҳматли устозимиз Аҳмаджон Қосимовнинг ташаббуслари билан филиалимиз 2019 йилда замонавий тиббий аппаратуралар - Рентген, AJAX каби бормашиналар билан таъминланди, - деди бўлим мудири Шоҳидахон Бойдедаева. - Бу эса стоматологлар учун янада қулай шароит яратди. Устоз ва шогирд анъанасини яхши йўлга қўйганмиз. Мирзоҳид Мирзакаримов, Искандар Отахонов, Жавоҳир Йўлдошев, Шавкатжон Якубов сингари ёш кадр­ларимиз биз билан бир сафда туриб соҳанинг сир-синоатларини ўзлаштиришмоқда. Беморларни даволашда ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимларининг хизматлари ҳам жуда катта. Замира Отабоева, Ольга Клепикова, Ёрқиной Мирзакаримоваларнинг бу борадаги хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

- 19 йил йилгари Шоҳидахонга тишларимни даволатган эдим, -дейди Ровустон қишлоғидан келган Раъно Маҳкамова, - ўтган йиллар давомида тишларим асло безовта қилмади. Бу ердаги врачлару ҳамшираларнинг иши пухталиги, ширинсўзлиги бизга жуда ёқади.

Элимизга сидқидилдан хизмат кўрсатаётган соҳа ходимларининг келгуси ишларида ҳам омад тилаймиз. Хизматларидаги элга манзурлик бардавом бўлсин.

Манзура ЭРГАШЕВА.